Криптовалюта бозорида сўнгги йиллардаги энг йирик инқироз қайд этилди. Coinglass маълумотларига кўра, 11 октябр куни криптобиржалардаги фючерс позицияларининг мажбурий ёпилиши (ликвидацияси) натижасида трейдерлар жами 19 миллиард доллар йўқотди. Бу рақам криптобозор тарихи учун мутлақ антирекорд бўлди.
Bitcoin (BTC) нархи бир кечада 122 мингдан 102 минг долларгача тушди, Ethereum (ETH) эса 4400 дан 3435 долларгача пасайди. Айрим йирик алткойнлар, жумладан Toncoin (TON), ўз қийматининг 80 фоизини йўқотди.
Муттахассислар таъкидлашича, трейдерлар бозор ўсишини кутган ҳолда кредит елкасидан фойдаланган, аммо нархлар кескин пасайиши натижасида автоматик ёпилишлар занжири ишга тушган. Бу ҳолат бозорни янада тезроқ қулатиб, янги ликвидация тўлқинларини келтириб чиқарди.
Ҳозирча оқибатлар тўлиқ баҳоланмаган. Ижтимоий тармоқларда айрим криптофондлар банкрот бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда, аммо ҳеч қандай расмий тасдиқ йўқ. Бир неча криптобиржалар юқори юклама сабаб ишда узилишлар бўлганини тасдиқлади ва қўшимча изоҳ берилишини ваъда қилди.
Бозордаги кескин ўзгариш АҚШ президенти Доналд Трампнинг Хитой импортига 100 фоизлик қўшимча тарифлар жорий этилиши ҳақидаги баёнотидан кейин бошланган. Бу хабар инвесторлар орасида хавотирни кучайтирди ва бозордаги қўрқув индекси кескин ошди.
Таҳлилчилар таъкидлашича, ҳатто 2020 йил пандемия давридаги қулаш, 2022 йилдаги Terra (LUNA) инқирози ёки FTX биржаси банкроти пайтида ҳам ликвидациялар бу даражага етмаган эди. Аммо ҳозирги кунда бозор ҳажми ва сармоя миқдори анча катта бўлгани учун, таъсир кўлами ҳам шунга мос равишда ошган.
Молия экспертлари бу ҳодисани «криптобозорнинг реал синови» деб баҳоламоқда ва сармоядорларга ҳозирги шароитда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишни тавсия этмоқда.