12 октябр куни кечаси Афғонистон ва Покистон чегарасида отишмалар бошланди. Бу воқеа «Толибон» 10 октябрдаги портлашлар учун Покистонни айблаб, «оқибатлар» ҳақида огоҳлантирганидан кейин юз берди. Покистон эса ўз ҳудудидан Афғонистонга берилган авиаҳужумларни «террорчиларга қарши чора» деб изоҳлади.
Афғонистон Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, мамлакат миллий армияси чегара ортида жойлашган ҳарбий объектларга зарба берган. Улар орқали тинч аҳолига ҳужум қилиш ва Афғонистоннинг ҳудудий яхлитлигини бузиш ҳаракатлари амалга оширилгани таъкидланди.
Покистон ички ишлар вазири Мухсин Нақвий бу ҳужумларни «асоссиз» деб атади ва афғон кучларини тинч аҳолига ўқ узишда айблади. Унинг сўзларига кўра, Покистон армияси бундай ҳаракатларга тез ва қатъий жавоб қайтарган.
Покистон радиоси маълумотларига кўра, афғон ҳужумлари чегара бўйлаб олти нуқтада содир бўлган. Покистон артиллерияси ҳам «Толибон»нинг Дюран Мела ва Туркманзай лагерларига зарба берган.
«Толибон» ўз навбатида «Покистонга қарши жавоб операцияси муваффақиятли якунланганини» билдирди. Афғонистон Мудофаа вазирлиги баёнотида «ҳар қандай янги ҳаво ҳужуми мамлакат чегараларини ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар билан жавобланиши» таъкидланди.
Жанглар натижасида 12 нафар покистонлик ҳарбий ҳалок бўлди, камида икки киши яраланди. Шунингдек, Kандаҳор вилоятида беш нафар покистонлик ҳарбий «Толибон»га таслим бўлгани ҳақида маълум қилинди.
Кескинлик «Толибон» ҳукумати Покистонни ўз ҳудудига ҳаво ҳужумлари уюштиришда айблаб, «оқибатлар»дан огоҳлантирганидан сўнг бошланган. Покистон эса ҳужумларда «Теҳрик-е-Толибон Покистон» гуруҳи аъзолари иштирок этганини билдирган, аммо афғон томони бу айбловларни рад этган.