Россия Банки октябр ойида Шимолий Кавказ федерал округига бағишланган янги 500 рубллик купюранинг дизайнини танлаш учун овоз беришни бошлади. Лойиҳага кўра, купюранинг олд қисмида Пятигорск шаҳридаги маданий ёдгорликлар, орқа қисмида эса ШКФО шаҳарларининг машҳур жойлари акс эттирилади.
Ҳозирча етакчи номзодлар иккита: «Грозний-Сити» мажмуаси ва Элбрус тоғи. Улар орасидаги фарқ бир неча марта ўзгариб турган, лекин аввал Элбрус пешқадам бўлган. Учинчи ўринни Дарбант қалъаси эгаллаб турибди.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 4 октябр куни ўз Telegram каналида «Грозний-Сити»ни қўллаб-қувватлашга чақирди, бу мажмуа «Чеченистоннинг Россия таркибида қайта тикланиш рамзи» эканини таъкидлади. Шу хабардан кейин чечен мажмуаси учун овозлар кескин кўпайган, деб ёзади «Вот Так» нашри.
Бунга жавобан Z-блогерлар «Элбрус»ни ҳимоя қилиш учун онлайн ҳаракат бошлади. Улар орасида радикал фикрлари билан танилган Владислав Поздняков ва ҳарбий блогерлар — «Два майора», «Zаписки Vетерана» ва «Рибар» каби йирик каналлар бор. Улар Қодировни административ ресурслар ва сохта овозлардан фойдаланишда айбладилар.
Қодиров эса тарғиботни янада кучайтириб, 10 та iPhone 17 телефонлари ўйинини эълон қилди. Иштирокчилардан «Грозний-Сити» учун овоз бериш ва скриншотни ижтимоий тармоқларда жойлаш талаб этилади. Шундай йўл билан унинг тарғиботига ҳукумат аъзолари ва машҳур чечен спортчилар ҳам қўшилди.
Шу билан бирга, Россия Банки рақобатни ижобий баҳолади, халқнинг фаоллиги «мамлакат маданий хилма-хиллигини ифодаловчи рамзларни танлашда муҳим» эканини таъкидлади. Элвира Набиуллина жамоатчилик қизиқишини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Овоз бериш 14 октябрга қадар давом этади. Янги купюра эса 2026 йилнинг иккинчи ярмида тақдим этилиши режалаштирилган. Ҳозирча тортишув нафақат онлайн муҳитда, балки сиёсий ва этник майдонда ҳам қизиб бормоқда.