Россия Марказий банки 12 октябр куни янги 500 рубллик банкнот учун рамз танлаш бўйича овоз беришни расман тўхтатди. Регулятор бу қарорни овоз бериш жараёнидаги кўплаб қоидалар бузилиши ва техник «овоз кўпайтириш»га уринишлари билан изоҳлади.
Марказий банк баёнотида таъкидланишича, айрим иштирокчилар махсус воситалар орқали овозлар сонини сунъий кўпайтиришга ҳаракат қилган, бу эса натижаларни ишончсиз қилган. «Бу ҳолат бизга объектив натижа чиқариш имконини бермайди», — дейилади расмий хабарда.
Банкнинг маълум қилишича, янги танлов кейинроқ ўтказилади, вариантлар рўйхати ўзгармасдан қолади, аммо нохолис ҳаракатларнинг олдини олиш учун қўшимча чоралар кўрилади.
500 рубллик банкнота учун овоз бериш 1 октябрда бошланган эди. Янги купюра Шимолий Кавказ федерал округига бағишланиши керак эди. Олд томонда Пятигорск шаҳрининг рамзий манзараларидан бири тасвирланиши режалаштирилган эди.
Бироқ тортишув Чечнядаги «Грозний-Сити» мажмуаси ва Элбрус тоғ тизмаси ўртасида юзага келди. Рамзан Қодиров шахсан ўз тарафдорларини «Грозний-Сити» учун овоз беришга чақирган, ҳатто iPhone 17 смартфонларини совға қилиш танловини эълон қилган.
Бунга жавобан Z блогерлар ва миллатчилар Элбрус учун овоз беришга чақириб, чеченлар томонидан овозларни сунъий оширишда айбладилар.
Чеченистон ҳукумати расмийлари эса бу танқидларни рад этиб, рус миллатчилари ва «бешинчи колонна»нинг провокацияси деб баҳолади. Вазир Аҳмад Дудаевнинг таъкидлашича, бу ҳужумлар «миллатлараро тотувликка таҳдид солади» ва «жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин».
Кремл эса юзага келган тортишув юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаган.