Axios нашри маълумотларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп Мисрга сафари чоғида Ғазо секторидаги тинчлик жараёнини муҳокама қилиш бўйича халқаро саммит ўтказишни режалаштирган.
Манбаларнинг айтишича, саммитни Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий ташкил этмоқда. У бу борада Европа ва араб давлатлари етакчиларига таклифнома юборган. Учрашувда Германия, Франция, Британия, Италия, Қатар, БАА, Ўрдун, Туркия ва Саудия Арабистони раҳбарлари ёки ташқи ишлар вазирларининг иштирок этиши кутилмоқда. Саммит Шарм-аш-Шайх шаҳрида бўлиб ўтади.
Маълумотларга кўра, 13 октябр куни эрталаб Доналд Трамп Исроилга етиб боради, у ерда нутқ сўзлаб, гаровдаги шахслар оилалари билан учрашади. Трампни бу сафарда АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва мудофаа вазири Пит Ҳэгсетт ҳамроҳлик қилади.
Сешанба куни Трамп Мисрга йўл олади, у ерда президент ас-Сисий билан музокаралар ўтказади ва Ғазо бўйича тинчлик келишувини имзолаш маросимида иштирок этади. Ушбу ҳужжатнинг кафиллари сифатида Миср, Қатар ва Туркия ҳам қатнашиши режалаштирилган.
Шарм-аш-Шайхдаги саммит Ғазо урушига нуқта қўйиш ва Яқин Шарқда барқарор тинчликка эришиш бўйича муҳим дипломатик қадам сифатида баҳоланмоқда.