Трамп ва Зеленский Tomahawk ракеталари етказилишини муҳокама қилишди — Axios

11:57 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Украина раҳбари Володимир Зеленский телефон орқали суҳбатлашиб, Украинага узоқ масофали Tomahawk ракеталарини етказиб бериш имкониятини муҳокама қилдилар.

Trump zelensky

Axios нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, суҳбат тахминан 30 дақиқа давом этган. Украина президенти Володимир Зеленский бу мулоқотни «жуда ижобий ва самарали», деб атаган. Манбалар аниқ қарор қабул қилинган-қилинмаганини маълум қилмаган.

Зеленский Трампдан Tomahawk ракеталарини Украинага бериш масаласини сентябрь ойидаги БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши чоғидаги учрашувда сўраганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, Украинага бу ракеталарни қўллашга эҳтиёж «балки зарур ҳам бўлмас», чунки уларнинг мавжудлиги музокаралар жараёнини илгари суришга ёрдам бериши мумкин.

Tomahawk ракеталари Украинадаги ҳозирги қуроллардан анча узоқ масофага учиш имкониятига эга. Улар қурол-аслаҳа омборлари каби муҳим объектларни дронларга нисбатан самаралироқ йўқ қилиш қудратига эга. Агар бу ракеталар Украина ихтиёрига бериладиган бўлса, Москва ва Россия ҳудудининг узоқ ичкари қисмларигача зарба бериш имкони пайдо бўлади.

7 октябрь куни Доналд Трамп Tomahawk ракеталарини Украинага юбориш бўйича қарори деярли қабул қилинганини айтган, аммо якуний розилик Киевнинг уларни қандай ишлатиш режасига боғлиқ бўлишини таъкидлаган.

Шу билан бирга, Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу эҳтимолни «муаммоларни кескинлаштирувчи ва АҚШ–Россия муносабатларига катта зарар етказувчи қадам» сифатида баҳолаган. Расмий Москванинг фикрича, Tomahawk ракеталарининг Украинага етказилиши тинчлик жараёнини қийинлаштириши мумкин.