Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашевнинг UNICEFнинг Афғонистондаги ваколатхонаси раҳбари Тожуддин Ойвали ҳамда ташкилотнинг Ўзбекистондаги раҳбари Реҳина Кастижио билан учрашуви бўлиб ўтди.
Музокараларда томонлар ҳуманитар ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик йўналишлари, шунингдек Ўзбекистоннинг Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашдаги ролини муҳокама қилди.
Тожуддин Ойвали Термизда яратилган транспорт-логистика инфратузилмасини юксак баҳолаб, UNICEFнинг Ўзбекистон билан, хусусан «Термиз карго маркази» орқали ҳуманитар юкларни шакллантириш ва етказиб беришдаги ҳамкорлигини кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
UNICEF вакиллари Ўзбекистон раҳбариятига ташкилот фаолиятига доимий кўмак ва қўшни халққа бўлган изчил ғамхўрлик учун миннатдорлик изҳор этдилар.
Учрашувда таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистон–Афғонистон чегараси барқарор ва хавфсиз ҳуманитар йўлак сифатида хизмат қилмоқда, у орқали БМТ тизими агентликлари ва бошқа халқаро гуманитар тузилмаларнинг юклари узлуксиз етказиб берилмоқда.