Хитой Савдо вазирлиги АҚШ президенти Доналд Трампнинг мамлакат маҳсулотларига нисбатан 100 фоизлик янги божлар жорий этиш ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди. Баёнотда айтилишича, бу қарор «АҚШнинг одатий икки юзламачилик сиёсатини яна бир бор намоён этди».
Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, агар Вашингтон таҳдидини амалга оширса, Пекин ҳам ўзининг ноаниқ «қарши чораларини» жорий этиши мумкин. «Биз савдо уруши бошланишидан қўрқмаймиз, аммо уни хоҳламаймиз», — дейилган баёнотда.
Трамп Хитойнинг ноёб элементлар экспортига қўшимча назорат ўрнатганига жавобан бу таҳдидни билдирган. У Пекинни «жуда душманона муносабатда бўлиш» ва «дунёни гаровда ушлаш»да айблаган ҳамда шу ой охирида Хитой раҳбари Си Жинпин билан режалаштирилган учрашувни бекор қилиш билан таҳдид қилган.
Трампнинг баёноти молия бозорларига ҳам таъсир кўрсатди — S&P 500 индекси 2,7 фоизга пасайди, бу апрелдан бери кузатилмаган энг катта тушиш ҳисобланади.
Икки давлат ўртасида савдо можароси қайта кучайиши хавфи ортиб бораётгани таъкидланмоқда. Май ойида Вашингтон ва Пекин уч рақамли божларни бекор қилишга келишган эди, аммо кейинчалик янги чекловлар қайта жорий этилган.
Хитой вазирлиги ўз жавобида АҚШнинг микросхема ва яримўтказгичлар экспортига нисбатан чекловларини танқид қилди ҳамда ноёб элементлар экспорти бўйича назоратни миллий хавфсизликни таъминлашга қаратилган «одатий чора» деб атади.
«АҚШ миллий хавфсизлик тушунчасини суиистеъмол қилиб, экспорт назорати чораларини асоссиз кенгайтирмоқда ва Хитойга нисбатан дискриминацион сиёсат юритмоқда», — деди вазирлик вакили.
Мутахассислар фикрича, Пекин ва Вашингтоннинг кескин баёнотлари келгусидаги музокаралар олдидан сиёсий позицияларини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиши мумкин. Трамп ва Си Цзиньпиннинг жорий ойда Жанубий Кореяда ўтказилиши кутилган учрашуви бўлиб ўтадими-йўқми, ҳозирча аниқ эмас.
Эслатиб ўтамиз, Доналд Трамп 1 ноябрдан бошлаб Хитойдан импорт қилинадиган барча товарларга 100 фоизли қўшимча бож жорий этилишини маълум қилган эди.