Ўзбекистонда хусусий тиббиёт ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати кучайтирилмоқда. Бу борадаги текширувлар Президентнинг 2025 йил 6 октябрда қабул қилинган «Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–296-сонли қарори асосида амалга оширилган.
Рақобат қўмитаси ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотлар мамлакат бўйлаб хусусий тиббиёт муассасаларини ўрганишни ташкил қилди. Текширувлар 8,5 мингга яқин тиббиёт ташкилотларини қамраб олди.
Натижада аниқланишича, 27 фоизга яқини амалда кўрсатилган манзилда фаолият юритмаётган, 61 фоизида хизматлар нархномалари йўқ, 20 фоизида ахборот давлат тилида берилмаган ва деярли ярмидан кўпида ташқи реклама талабларига риоя қилинмаган.
Шунингдек, айрим клиникалар лицензияда назарда тутилмаган хизмат турлари билан ҳам шуғулланиб келган. Улар орасида Самарқанддаги «AFX DARDGA SHIFO», Сурхондарёдаги «NIGORA PLUS CHAROS MED» ҳамда «SHEROBOD SHIFO MASKANI», Тошкент вилоятидаги «QIZILTOG DENTAL», «MUROD YORQIN NAJOT», «CHIRCHIQ ZINNURA STOM», «TURSUNOY FAXR STOM» ва «BULOQBOSHI SOG‘LOMLASHTIRISH KLINIKASI», Фарғона вилоятидаги «ZAYLOBIDDIN SHIFO NUR» ҳамда «U-SHIFO CENTER» каби муассасалар бор.
Рақобат қўмитаси бу ҳолатлар бўйича тегишли маълумотларни мутасадди идораларга тақдим этган. Қўмита келгусида ҳам нодавлат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назоратини янада кучайтиришини маълум қилган.
Маълумот учун, хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 2024 йил 1 январ ҳолатига 8 343 тани ташкил этган бўлса, 2025 йил 1 январда 8 486 тани ташкил этган.