Ўзбекистонда мева-сабзавот экспорти учун минимал нархлар бекор қилиш бўйича Президент фармони қабул қилинди. 8 октябрда имзоланган 181-сонли президент фармони билан амалга оширилган ўзгариш натижасида, 2024 йилда жорий этилган мазкур тартиб фақат уч тоифа маҳсулотлар — тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электр жиҳозлари учунгина сақланиб қолади.
Мева-сабзавотлар экспортида минимал нархларнинг жорий қилиниши ўтган йили тадбиркорлар ва таҳлилчилар томонидан қаттиқ танқид қилинган эди. Улар бу амалиётни «экспортга зарба» сифатида баҳолаб, нарх эркинлигининг чекланиши ташқи бозорда рақобат имкониятларини қисқартиришини таъкидлашган.
Шу билан бирга, фармонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга оид қўшимча имтиёзлар ҳам назарда тутилган. Жумладан, дуккакли экинларни йиғиш техникасини сотиб олган тадбиркорларга техника қийматининг 15 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, кредит ёки лизинг ставкасининг 10 фоиздан ортиқ қисми ҳам давлат субсидияси ҳисобидан ёпилади.
Ҳужжатга кўра, иссиқхона хўжаликларига табиий газ кафолатли етказиб берилиши таъминланади ҳамда улар солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу чоралар қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашга қаратилган.