АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил президенти Исхақ Герцогдан коррупцияда айбланиб суд жараёнида бўлган бош вазир Бинямин Нетаняҳуни афв этишни сўради. Reuters хабар беришича, душанба куни Исроил парламентида сўзлаган нутқида Трамп ҳукумат раҳбарига қўйилган айбловларни масхараомуз тарзда танқид қилган.
«Сигаралар ва озгина шампан — бу кимни ҳам безовта қиларди?» – деди АҚШ президенти, Нетаняҳу инкор этаётган фирибгарлик айбловларига ишора қилиб.
2019 йил 21 ноябрда Исроил бош прокурори Нетаняҳуга қарши учта иш: пора олиш, фирибгарлик ва жамоатчилик ишончини суиистеъмол қилиш тўғрисида қарор қабул қилганини эълон қилди. Айблов хулосалари 2020 йил 28 январда Қуддус округ судига топширилган.
Энг шов-шувли «4000-иш» доирасида терговчилар Нетаняҳу «Безек» телекоммуникация компаниясига унинг ҳукумати фаолиятини «Валла!»” ахборот портали орқали ижобий ёритиш эвазига имтиёзлар берган, деб ҳисоблайдилар.
«1000-иш» бўйича фирибгарлик ва жамоатчилик ишончини суиистеъмол қилиш айбловлари икки тадбиркордан шампан ва сигара қутилари совға сифатида олиниши билан боғлиқ – Трамп ўз нутқида айнан шу ҳақда гапирган.
«2000-иш» бўйича бош вазир «Едиот ахронот» газетаси эгасининг манфаатларига, унинг ҳукумати фаолиятини ижобий ёритишига жавобан, кўмаклашишда айбланмоқда.
Нетаняҳу ўзига қўйилган барча коррупция ва суиистеъмолчилик айбловларини қайта-қайта рад этиб келган.