Сурхондарё вилоятида бу йилги пахта йиғим-терими якунланди ва вилоят пахтакорлари мамлакатда биринчи бўлиб йиллик шартномавий режани ортиғи билан бажарди. Қабул шохобчаларига умумий ҳисобда 275 минг 600 тоннадан ортиқ юқори сифатли пахта хом ашёси топширилгани маълум қилинди.
Сўнгги йилларда пахтачилик соҳаси тубдан ислоҳ қилинди — хориж тажрибалари жорий этилди, пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилди ва бу деҳқон ҳамда фермерлар учун барқарор даромад манбаига айланди. Бу ислоҳотлар Сурхондарё миришкорларига юқори самара билан ишлаш имконини берди.
Шу билан бирга, бу йил об-ҳаво шароити бироз ноқулай келганига ва сув танқислиги кузатилганига қарамай, ҳосил мўл бўлди. Миришкорлар ўз тажрибаси ва замонавий усуллардан фойдаланиб, ҳар бир гектардан юқори ҳосил олишга эришган.
Пахта терими жараёнини ташкил этиш мақсадида 1277 та терим отряди тузилди. Терилган хом ашёни қабул шохобчаларига ўз вақтида етказиб бериш учун 2010 та трактор ва 2965 та тиркама жалб қилинди.