Тошкент «ривожланиш салоҳиятига эга» ақлли шаҳарлар рўйхатига кирди

11:45 | 4 дақиқада ўқилади.

МДҲ ва БРИКС+ давлатларининг 15 йирик шаҳарларини қамраб олган рейтингда Тошкент тривожланиш салоҳиятига эга «ақлли шаҳар» деб топилди. Бироқ рақамли хизматлар сустлиги, яшил ҳудудлар камлиги ва экологик муаммолар ҳали ҳам долзарб эканлиги айтилмоқда.

Toshkent1

«Kept» халқаро консалтинг компанияси октябрь ойида эълон қилган ҳисоботда Тошкент шаҳри МДҲ ва БРИКС+ давлатларининг 15 та йирик шаҳри орасида «ривожланиш салоҳиятига эга» ақлли шаҳарлар тоифасига киритилди. Тадқиқотда ҳар бир шаҳарнинг технологиялар жорий этилиши ва уларнинг аҳоли ҳаёти сифатига таъсири баҳоланган.

Ҳисоботга кўра, Тошкент шаҳри энг паст баллни «Ақлли бизнес ва бандлик» йўналиши бўйича олиб, бор-йўғи 40,4 балл билан барча иштирокчилар орасида 14-ўринни эгаллаган. Мутахассисларнинг фикрича, бу бизнес ва бандлик хизматларини рақамлаштиришнинг етарли даражада эмаслигини акс эттиради.

Экологик кўрсаткичлар ҳам қониқарсиз бўлиб, бир киши ҳиссасига тўғри келадиган яшил ҳудуд майдони 3 кв.м дан ошмайди. Бу, асосан, оммавий қурилишлар ва яшил майдонларнинг шаҳар ҳудудида фақат 2 фоизни ташкил этиши билан боғлиқ. Шунингдек, ҳаво ифлосланиш даражаси юқори — AQI кўрсаткичи 101–150 орасида.

Транспорт тизимида ҳам вақт сарфи катта — шаҳар ҳудудининг майдонига нисбатан саёҳат вақти 10,7 балл деб баҳоланган. Шу билан бирга, Тошкент ҳали тўлиқ фаолият кўрсатувчи очиқ маълумотлар порталига эга эмас, мавжуд маълумотлар эса камдан-кам янгиланади.

Шаҳарда инклюзив муҳитни ривожлантириш бўйича давлат дастури йўқ, бироқ 2025–2026 йилларда ҳар бир туманда инклюзив талабларга мос мактаблар очиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, Тошкент айрим соҳаларда ривжланаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, электромобиллар тарқалиши бўйича МДҲ пойтахтлари орасида етакчи ўринда, «ақлли ёритиш» ва «ақлли ҳисоблагичлар» тизими жорий этилган. Ҳар 1000 аҳолига 5 та меҳмонхона хонаси тўғри келади, туризм ва транспорт йўналишларида ривожланиш режалари давом этмоқда.

«Kept» мутахассислари Тошкентда фуқаролар, бизнес ва ҳокимият ўртасидаги рақамли ҳамкорликни кучайтириш, барқарор ривожланишни илгари суриш ва «ақлли шаҳар» технологияларини кенгроқ татбиқ этишни тавсия қилган. Уларга кўра, Тошкент кейинги йилларда рейтингда юқори натижа кўрсатиш салоҳиятига эга.