«Ерусти ҳалқа йўли» метро йўналиши 1 ноябрдан ҳаракатланади

14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

«Тошкент метрополитени» ДУК нинг маълум қилишича «Ерусти ҳалқа йўли» йўналишидаги профилактика ишлари якунланди. Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва ҳаракат тезлигини икки баравар ошириш мақсадида йўл 1 ноябрдан очилиши кутилмоқда.

Metro

«Тошкент метрополитени» ДУК нинг хабар беришича, «Ерусти ҳалқа йўли» метро йўналиши яқин кунларда ўз фаолиятини қайта бошлайди.

«Технопарк – Қипчоқ» бекатлари оралиғида 14 та бекатда ҳаракат вақтинча тўхтатилган эди. Бу қарор режали профилактика ишларини амалга ошириш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Халқаро амалиётга кўра, метро тизимларида маълум муддат фойдаланилгандан кейин текширув ва таъмирлаш ишларини ўтказиш зарур ҳисобланади.

Режали ишлар доирасида йўл ҳолати тўғриланди, носоз шпаллар алмаштирилди, дренаж тизими кўрикдан ўтказилди ҳамда шағаллар текширилди. Мазкур ишлар транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Дастлаб йўналиш 18 октябрда очилиши мумкинлиги айтилган эди. Бироқ, синов жараёнларини такомиллаштириш ва поездлар ҳаракатини тезлаштириш мақсадида очилиш санаси 1 ноябрга кўчирилди. Ҳозирда поездлар синов тариқасида, йўловчиларсиз ҳаракатланмоқда.

Метрополитен маъмурияти маълум қилишича, синов натижалари муваффақиятли якунлангандан ва барча техник талаблар тўлиқ тасдиқлангандан сўнг йўналиш расман фойдаланишга топширилади. Бу ўзгаришлар натижасида поездлар интервали қисқариб, йўловчилар учун қулайлик даражаси ошиши кутилмоқда.