404 Not Found — Топилмади!
404 Not Found — бу HTTP (HyperText Transfer Protocol) тизимидаги стандарт хато код бўлиб, у фойдаланувчи сўраган саҳифа серверда топилмаганда пайдо бўлади. Яъни браузер маълум бир URL манзилга мурожаат қилади, лекин сервер бунга аниқ жавоб бермайди.
Мазкур код 1990 йиллар бошида, World Wide Web пайдо бўлган илк даврларда, WWW’нинг асосчиси Тим Бернерс-Леэ ва унинг жамоаси томонидан CERN (Европа ядровий тадқиқотлар маркази) лабораториясида яратилган. У пайтда жамоа интернетдаги ҳар бир сўровни рақамлар орқали тавсифлаш тизимини ишлаб чиққан. Масалан, «200 OK — ҳаммаси жойида, саҳифа топилди», «403 Forbid — рухсат йўқ», «404 Not Found — саҳифа топилмади».
Бу рақамлар HTTP протоколи спецификациясига 1992 йилда Тим Бернерс-Ли, Рой Фиэлдинг ва Ҳенрик Фрйстйк Ниэлсен томонидан киритилган. «404» атамаси аслида CERN’даги 4-қават 04-хона (404-хона) билан боғлиқ деган машҳур афсона бор. Гўёки, дастлабки сервер шу хонада жойлашган, шунинг сабабли код «404» деб аталган. Аммо бу тарихий факт эмас, балки кейинчалик пайдо бўлган интернет афсонаси.
Атаманинг машҳурлигига қандай омиллар сабаб бўлган?
1995–2000 йилларда Netscape Navigator ва Internet Explorer браузерлари «404 Not Found» хабарини тўғридан тўғри экранларда кўрсата бошлади. Шундан кейин бу кодни ҳар бир фойдаланувчи эслаб қолади. Интернетни ўрганаётганлар учун «404» — йўлнинг тугаши, саҳифанинг «ўлими» деган рамзга айланади.
2000-йиллар бошида эса ҳақиқий бурилиш бўлди. Дастурчилар ишлатадиган Apache сервери сайт эгалари учун «хатолик саҳифасини» ўзлари хоҳлаганча безатиш имконини берди. Шундан сўнг турли компаниялар ва нашрлар «404» ни ҳазил, киноя аралаш расм ёки креатив матн билан тўлдира бошлади. Масалан, «Упс! Бу саҳифа саёҳатга чиқиб кетган», «404 — бу саҳифа дам оляпти» каби ёзувлар пайдо бўлди.
Ўша пайтда Wired журналининг 2000 йилда чиққан «404 жуда ҳам жозибадор» мақоласи бу атамани янада машҳур қилди. Унда энг ғаройиб, кулгили ва ижодий 404 саҳифалар тўплами эълон қилинди. Шу мақоладан сўнг «404» атамаси оммавий маданиятга кирди.
Бундан ташқари, дот-ком пуфак даври — 2000–2001 йилларда минглаб сайтлар ёпилди, доменлар йўқолди. Internet фойдаланувчилари ҳар қадамда «404 Not Found»га дуч келди. Шу даврда «404» сўзи шунчаки техник белги эмас, балки йўқолган маълумот, унутилган саҳифа рамзига айланди.
Айниқса, блоглар, мустақил сайтлар ва цензура таҳлилида бу код эркин фикр йўқолишининг рақамли белгиси сифатида тилга олинди. Шу орқали «404» аста-секин техник атамадан ижтимоий рамзга айлана бошлади.
«404 Not Found» Ўзбекистонда
2000-йиллар бошида дунё «404 Not Found»ни ҳазил сифатида қабул қилар, сайт эгалари эса бу хатони креативлик билан безатарди. Аммо бу даврдан бошлаб Ўзбекистон шароитида мазкур код аста-секин ахборот эркинлиги, цензура рамзига айланишига бўлган илк қадамларни қўйди.
1990-йилларда Ўзбекистон мустақил матбуоти эндигина шаклланаётган эди. «Ҳуррият», «Моҳият», «Республика», «Ўзбекистон овози» каби газеталарда айрим танқидий мақолалар чиқарди, аммо сиёсий мавзулар қатъий назорат остида бўлган. Бу даврда мамлакат ҳудудига интернет эндигина кириб келган, «404» эса ўшанда ҳали техник атама эди, холос.
Лекин 2000-йилларнинг сўнгига келиб, интернетда мустақил ахборот сайтлари пайдо бўлди: Uznews.net, Fergana.ru, кейинроқ Centre1, Kun.uz, Gazeta.uz ва бошқалар. Айнан шу даврда айрим мақолалар ёки бутун бошли сайтларнинг мамлакат ичида очилмай қолиши, яъни фойдаланувчилар «404 Not Found»га дуч келиши кенг тарқалди.
2005–2017 йиллар оралиғида Ўзбекистонда айрим янгилик сайтларига кириш сиёсий босим остида чекланди. Fergana News, Uznews.net, Uzmetronom, BBC Uzbek, Deutsche Welle, BBC Uzbek, Озодлик радиоси каби сайтлардаги ресурслар бир неча йиллар давомида мамлакат ичкарисида очилмади. Техник жиҳатдан бу «Серверга уланиб бўлмади» ёки «404 Not Found» кўринишида намоён бўлган.
Бу даврда айрим фойдаланувчилар VPN орқали сайтларни кўрган, бошқа айримлар эса шунчаки «404»ни «техник хато» деб талқин қилган. Ўша йиллардан бошлаб «404» Ўзбекистон интернет фойдаланувчилари орасида «йўқ қилинган мақола» синонимига айланди.
Масалан, 2011 йилда «Fergana.ru»да Андижон воқеаларига оид материаллар ўчирилди. 2015 йилда айрим ички нашрлар Марказий банк сиёсати ҳақидаги мақолаларни «таҳририят қарори билан олиб ташлади» деб билдирди, аммо фойдаланувчи учун бу ҳам «404 саҳифа» эди. Бу каби мисолларни кўплаб давом эттириш мумкин…
Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан кейин ахборот сиёсатида очиқлик бошланган бўлса-да, блокланган сайтларнинг бир қисми очилди, холос. Шунингдек, «404» ҳолати бутунлай йўқолмади, энди у таҳририят ичидаги ўз-ўзини цензура рамзига айланди.
Баъзида мақолалар бир неча соат ичида «саҳифада топилмади»га айланади. Бунинг расмий сабаби «янгилаш», «аниқлик киритиш», дея кўрсатилса-да, лекин кўпинча сабаб сиёсий ёки иқтисодий босим бўлади. Бугун Ўзбекистон интернет маконида «404» фақатгина техник хато эмас. Бу — йўқотилган материал, ўчириб ташланган ҳақиқат, ёки эҳтиёткор журналистнинг сукутини билдиради.
Айрим қўшимчалар
Шуни қўшимча қилиш керакки, Vaqt.uz сайтида ҳам яқинда шундай ҳолат содир бўлди. Сайт журналисти томонидан олиб борилган суриштирув мақоласи «техник» сабабга кўра ўқувчиларга кўринмай қолди… Балки сиз ўқиб турган мақола ҳам бир неча дақиқада бизга маълум ва номаълум сабабларга кўра йўқолиб қолар, лекин «Ҳақ берилмас, олинур!»
Хулоса ўрнида, «404» бу шунчаки код эмас. Бу — журналистнинг сукути, таҳририятнинг танлови ва ўқувчининг саволи. Чунки ҳақиқат, ҳатто ўчирилганида ҳам, «404» ортида яшайверади.
Нурмуҳаммад Файзуллоев.