BAT Uzbekistan Investment Limited UzBATнинг 2,6 фоизлик давлат улушини сотиб олди

15:50 | 3 дақиқада ўқилади.

UzBAT акцияларининг 2,6 фоизлик давлат улуши 269,7 миллиард сўмга Британиянинг BAT Uzbekistan Investment Limited компаниясига сотилди.

Uzbat

Тошкент фонд биржасининг биржадан ташқари платформасида UzBAT компаниясидаги давлат улуши бўйича йирик битим амалга оширилди. Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотига кўра, 2,6 фоизлик акция пакети 269,75 миллиард сўмга баҳоланиб, Британияга тегишли BAT Uzbekistan (Investment) Limited томонидан харид қилинган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилишича, мазкур битим бўйича келишув 29 сентябр куни имзоланган. Унда пакет баҳоланган қийматда сотилиши белгиланган бўлиб, баҳолаш жараёнида мустақил экспертлар ва баҳолаш ҳисоботига доир экспертиза ҳам жалб этилган.

Битимдан тушган маблағлар Хусусийлаштириш жамғармасига ўтказилиб, кейинчалик Республика бюджетига йўналтирилган. Бу давлат активларини очиқ ва шаффоф усулда хусусийлаштириш сиёсатининг давоми ҳисобланади.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, акциядорлар ўз акцияларини сотиш нияти ҳақида бошқа акциядорларни ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Агар бошқа иштирокчилар бу ҳуқуқдан фойдаланмаса, компаниянинг ўзи — UzBAT — акцияларни қайтариб сотиб олиш (buyback) ҳуқуқига эга бўлади.

UzBAT уставига мувофиқ, акциядорлар ўзларига тегишли улуш миқдорига мутаносиб равишда сотилаётган акцияларни устувор харид қилиш ҳуқуқига эга. Бу сафар ана шу ҳуқуқдан фойдаланган Британия компанияси давлат улушини тўлиқ қийматда сотиб олди.