Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда мактаб ходимаси бошланғич синф ўқувчисини калтаклагани акс этган видеолавҳа тарқалган эди. Мазкур ҳолат Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, ҳодиса жорий йилнинг 6 октябр куни эрталаб Самарқанд вилоят Қўшработ туманидаги 71-ўрта таълим мактабида содир бўлган. Мактабнинг кадрлар бўйича менежери бўлиб ишловчи Қ.С.нинг олдига фарзанди Қ.И. танаффус вақтида келиб, синфдоши (3-А синф ўқувчиси Р.Ф.) урганлигини айтган. Шундан сўнг она фарзанди билан жанжаллашган ўқувчининг синфига бориб, унга қўл кўтарган.
Вазият ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан назоратга олиниб, жабрланувчи ўқувчи Р.Ф.ни тан жароҳати олган ёки олмаганлиги юзасидан жорий йилнинг 7 октябр куни судга оид экспертиза тайинланган.
Экспертиза хулосасига кўра, болага енгил тан жароҳати етказилганлиги аниқланди. Айни пайтда ҳолат суд тартибида кўриб чиқилмоқда.
Мактабнинг кадрлар менежери вазифасида ишловчи Қ.С. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Шунингдек, ходимнинг ички одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилишини назоратга олмаганлиги учун Қўшработ туманидаги 71-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари К.А.га нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилгани маълум қилинди.