Черногория Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз тартибни бекор қилди

19:06 | 4 дақиқада ўқилади.

Черногория ҳукумати Ўзбекистон, Арманистон ва Миср фуқаролари учун вақтинчалик визасиз тартибни бекор қилди. Қарор мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнида виза сиёсатини мувофиқлаштириш мақсадида қабул қилинган.

Chernagoriya

9 октябр куни Черногория ҳукумати Ўзбекистон ва қатор давлатлар фуқаролари учун визасиз тартибнинг амал қилишини тўхтатди. Бу ҳақда мамлакат ҳукуматининг матбуот хизмати маълум қилди.

98-сессияда бош вазир Милойко Спайич раҳбарлигидаги Вазирлар Маҳкамаси Арманистон, Ўзбекистон ва Миср фуқароларини визадан вақтинча озод этувчи қарорларни ўзгартиришга оид ҳужжатни тасдиқлади.

Ҳукумат баёнотида таъкидланишича, мазкур ўзгаришлар миллий виза сиёсатини Европа Иттифоқи талабларига мослаштириш, шунингдек, 2024–2027 йилларга мўлжалланган ислоҳотлар дастури доирасидаги мажбуриятларни бажариш мақсадида амалга оширилган.

«Қабул қилинган тузатишлар юқорида тилга олинган мамлакатлар фуқаролари учун визадан вақтинча озод этиш ҳақидаги илгариги қарорларнинг амал қилишини тўхтатади. Бу орқали Черногория Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиш йўлидаги қатъий позициясини тасдиқлайди», — дейилади ҳукумат хабарида.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ахрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, Черногория билан визасиз тартиб асосан туристик мавсумда — 15 июндан 30 августгача амал қилади. Бу даврда Ўзбекистон фуқаролари турпутёвка орқали мамлакатга киришлари мумкин, бошқа вақтларда эса Москвадаги Черногория элчихонаси орқали виза расмийлаштириш талаб этилади.

Шу билан бирга, вазирлик ҳозирча Черногория томонидан вақтинчалик визасиз тартиб расман бекор қилингани ҳақида расмий маълумот олмаганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрел ойида Черногория ҳукумати Ўзбекистон фуқаролари учун визани бекор қилиш режаси ҳақида хабар берган эди. Шу йили июндан бошлаб икки давлат ўртасида Тиват шаҳрига тўғридан-тўғри парвозлар йўлга қўйилганди.

Ўзбекистон эса 2019 йилдан буён Черногория фуқароларига 30 кунлик визасиз тартибни амалга ошириб келмоқда.