Ўзбекистонда миллий почта оператори UzPost атрофида қизғин тортишувлар авж олмоқда. Россиянинг йирик маркетплейси Wildberries компанияси давлат улушини сотиб олгани ҳақидаги хабарлар ортидан Uzum экотизими ҳам савдоларда иштирок этиш ниятини билдирди. Хусусийлаштириш жараёни шаффофлик, миллий хавфсизлик ва стратегик соҳаларга хорижий сармоя киритилиши ҳақида янги саволларни ўртага ташлади.
Ўзбекистондаги UzPost («Ўзбекистон почтаси») акцияларини хусусийлаштириш жараёни янги босқичга чиқди. Uzum рақамли экотизими Давлат активларини бошқариш агентлигига расман мурожаат қилиб, миллий почта оператори улушини сотиб олиш бўйича савдоларда иштирок этиш ниятини билдирди. Компания бу орқали почта хизматини фақат тижорат эмас, балки миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда бошқариш зарурлигини таъкидлади.
Бундан бир неча кун олдин Россиянинг йирик онлайн ритейлери Wildberries UzPost’даги давлат улушини сотиб олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу маълумотни RBK ва Spot нашрлари Россия бозоридаги манбаларига таяниб ёзди. Хабарларга кўра, битим бир неча ойдан буён тайёрланган бўлиб, Wildberries компанияси Ўзбекистонда электрон тижорат ва логистика соҳасида кенг кўламли режаларга эга.
Ҳозирча Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳам, Wildberries ҳам бу маълумотни расман тасдиқлаган ёки рад этган эмас. UzPost эса фақат «инвестиция жалб қилиш имкониятлари кўриб чиқилаётгани»ни маълум қилди. Шу билан бирга, битимнинг шартлари ва қиймати ҳақида ҳеч қандай очиқ маълумот берилмаган.
UzPost хусусийлаштириш ҳақидаги хабарлар фонида жамоатчиликка мужмалроқ бўлса-да расмий баёнот берди. Компания маълумотига кўра, ҳозирда миллий почта оператори инфратузилмани модернизация қилиш, логистика тармоқларини ривожлантириш ва рақамли ечимларни жорий этиш учун хорижий инвестицияларни жалб этиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
UzPost таъкидлашича, бу жараён почта хизматларининг барқарорлигини таъминлаш, етказиб бериш бўйича хусусий операторлар ривожланаётган шароитда рақобатбардошликни ошириш ва хизмат сифатини замонавий стандартларга мослаштиришга қаратилган. Компания, шунингдек, инвестицияларни жалб этиш орқали янги иш ўринлари яратиш ва электрон тижорат хизматларини бутун мамлакат бўйлаб ривожлантиришни мақсад қилганини билдирди.
Баёнотда «Ўзбекистон почтаси» акциядорлари — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда давлат иштирокидаги бир нечта корхоналар экани қайд этилди. Шунингдек, 16 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар ҳам акциядор сифатида иштирок этмоқда.
Компания қўшимча қилиб, агар келгусида йирик инвестор билан боғлиқ ўзгаришлар юз берса, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ маълумотлар расман ошкор қилинишини маълум қилди.
UzPost хусусийлаштирилиши ҳақидаги хабарлар ортидан жамоатчиликда қизғин баҳслар бошланди. Айримлар буни соҳани модернизация қилиш ва янги сармоя жалб этиш имконияти сифатида баҳоласа, бошқалар стратегик соҳани хорижий компанияларга бериш хавфини кўришмоқда.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев бу жараённи «қизини мажбуран эрга беришга ўхшаган ҳолат» деб таърифлади. Унинг фикрича, давлат стратегик тармоқ бўлган миллий почтани Россия компаниясига бериш орқали нафақат иқтисодий, балки сиёсий боғлиқликни ҳам кучайтиради.
«Нимадир бўляпти барибир; нозик жойдан совчилар келгани аниқ, қизнинг оиласи эса уни эрга тегишга мажбурлаётгандек, камига ўнлаб қимматбаҳо «сарпо-суруқ» ҳам қўшиб берилаётгандек. Биринчидан, бундай мажбурлов — қонунга ҳам, ахлоққа ҳам зид. Иккинчидан, бундай ишлар кўздан панада эмас, эл-юртга очиқ айтиб, бамаслаҳат қилиниши керак, бутун жараён шаффоф ўтиши керак. Учинчидан, почтамиз Россиянинг давлат компаниясига ҳам, хусусийсига ҳам берилмаслиги керак. Пул таклиф қилса ҳам, «ҳақиқий бозор нархини тўлайман», деса ҳам, керак бўлса, «икки ҳисса тўлайман» деса ҳам (икки дунёда ҳам ундай демайди лекин) берилмаслиги керак», – дея ёзади у.
Аъзамхўжаевга кўра, Россия ўзини бутун нормал дунёдан узаётган, бутун нормал дунё Россиядан ўзини узаётган бир вақтда — Ўзбекистоннинг стратегик соҳаларини бу мамлакатнинг шубҳали, асл эгаси, ҳақиқий мақсади номаълум (аслида маълум, ҳа, ҳаммага маълум) корхоналарига берилиши, юмшоқ қилиб айтганда, сал ғалатироқ қарор.
«Ҳар қалай, улар бизнинг почтамизни ривожлантира олмайди (ахир «ривожланган почта» уларнинг ўзида ҳам йўқ). Агар шундай бўлганида, ҳув беш-олти йил аввал Россия почтасининг раҳбарини бошлиқ қилиб олиб келишганда ҳаммаси ўзгариб кетган бўларди. Шунда ҳозир «Ўзбекистон почтаси»ни гўёки «одам қилиш учун сотиш»га ҳам ҳожат бўлмасди. Йўқ, улар ривожлантира олмайди, аксинча, «соғлом деб узатганингиз ўзи чалажон экан» деб, борини ҳам ўлдиради. Икки ўртада почтамиздан ҳам, кўчмас мулк кўринишида берганимиз ўнлаб «сарполаримиз»дан ҳам айрилганимиз қолади. Агар ҳали тўла йўқотмаган бўлсак, эсимиз борида этагимизни ёпайлик», – демоқда журналист.
Иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров эса масаланинг ҳуқуқий ва рақобат нуқтаи назаридан таҳлилини берди. Унинг таъкидлашича, UzPost — мамлакатда ягона миллий почта тизими оператори сифатида устувор мавқега эга монопол компания ҳисобланади. Шу сабабли, унинг хусусийлаштирилиши Антимонополия қўмитасининг рухсатисиз амалга оширилиши мумкин эмас. Бакировнинг сўзларига кўра, «бундай битимлар шаффоф бўлмаган ҳолда ёпиқ эшиклар ортида келишилаётган бўлиши эҳтимоли жуда катта».
«Давактив одатда «хусусийлаштириш» амалиёти яширин қарорлар билан амалга оширилганида бошини қумга тиқиб олади. Охирги йилларда турли чўнтакларга сопини ўзидан чиқариб топширилган UNG Petro’ ва нефтни қайта ишлаш заводлари, тўлов ташкилотларидан тортиб Деҳқонобод калий заводигача бўлган ўнлаб кейсларда Давактив «хусусийлаштириш» битимлари ва мундарижаси ҳақида маълумот очиқлашни лозим топмаган. Энг қизиғи шунча аномал, ёввойи ва ношаффоф кейслардан кейин ҳам зарбоп тўнга ўралган халқаро ташкилотлар ва ошхўр консультантлар ўз репутацияси ҳақида қайғурмай, Давактив билан мулоқот ва ҳамкорлик қилишда давом этишмоқда», – демоқда Бакиров.
UzPost — Ўзбекистоннинг ягона миллий почта алоқа оператори бўлиб, мамлакат логистика ва коммуникация тизимининг асосий бўғини ҳисобланади. Компания 1992 йили ташкил этилган ва 2014 йилда акциядорлик жамиятига айлантирилган.
Ҳозирда UzPost таркибида 14 та ҳудудий филиал, 1600 дан ортиқ почта бўлими ва 3500 дан зиёд етказиб бериш участкалари фаолият кўрсатмоқда. Корхонада 7000 дан ортиқ ходим, шу жумладан 2500 почтальон ишлайди. Ташкилот 25 та ҳаво йўналиши ва 300 дан ортиқ автойўл орқали юртиб чиқилган логистика тармоғига эга.
UzPost Бутунжаҳон почта иттифоқи аъзоси бўлиб, халқаро IFS, PNG, RUGBY, IBIS ва PRIME тизимлари билан ҳамкорлик қилади. Компания фақат почта ва посилка етказиб бериш эмас, балки тўлов, обуна, молиявий ўтказмалар хизматлари ҳамда почта маркалари чиқариш билан ҳам шуғулланади.
Сўнгги йилларда электрон тижорат ва онлайн савдо ҳажми кескин ошгани сабабли, анъанавий почта хизматларига бўлган талаб ўзгармоқда. Бу эса соҳани модернизация қилиш, рақамли ечимларни жорий этиш ва логистика самарадорлигини оширишни тақозо этмоқда. Шу жиҳатдан, UzPost учун янги сармоялар жалб этиш зарурати объектив ҳисобланади.
Бироқ айрим экспертлар почта хизматлари нафақат иқтисодий, балки стратегик аҳамиятга ҳам эга эканини таъкидламоқда. Чунки у мамлакатдаги ахборот алмашинуви, ҳужжатлар айланмаси ва давлат хизматларининг узлуксиз ишлаши билан бевосита боғлиқ. Шу сабабли, ҳар қандай хусусийлаштириш жараёнида хавфсизлик ва миллий манфаатлар биринчи ўринда туриши лозим.b