Кремл яна 2 миллион россияликни урушга ташлашнинг янги ҳуқуқий йўлини топди

09:42 | 4 дақиқада ўқилади.

Россия ҳукумати мобилизация эълон қилмасдан туриб, захирадаги ҳарбийларни чет элдаги жанговар ҳаракатларга жалб этишни расман рухсат этувчи қонунни тасдиқлади.

Putin mobilization

Россия ҳукумати Владимир Путиннинг 2015 йилги фармони билан яратилган Мудофаа вазирлиги мобилизация захирасини фаол ҳолатга келтириш учун янги қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжатга кўра, президент энди резервдаги ҳарбийларни мобилизация ёки ҳарбий ҳолат эълон қилинмасдан ҳам контртеррористик операциялар ва ташқи ҳарбий низоларда ишлатиши мумкин бўлади.

Давлат думаси мудофаа қўмитаси раиси ўринбосари Алексей Журавлёвнинг сўзларига кўра, бу қарор орқали армия эҳтиёжлари учун 2 миллионгача фуқарони жалб этиш имконияти очилади.

«Биз расман уруш эълон қилмаган бўлсак-да, аслида кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар олиб бормоқдамиз. Янги қонун Мудофаа вазирлиги учун ҳуқуқий чекловларни йўқотади», — деди депутат RTVI нашрига.

Қонунга мувофиқ, резервдагилар икки ойгача давом этувчи махсус ҳарбий йиғинларга чақирилади. Улар мудофаа соҳасидаги вазифаларни бажаради ва бу амалиётлар Россия ҳудудидан ташқарида ҳам ўтказилиши мумкин. Давлат думаси қўмитаси раиси Андрей Картаполовнинг таъкидлашича, бу норма Украинанинг Суми ва Харкив областларидаги фронтга ҳам тааллуқли бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Ҳуқуқшунос Игор Черепанов РБК нашрига берган изоҳида тушунтиришича, ўзгартиришлар фақат Мудофаа вазирлиги билан ихтиёрий шартнома тузган захирадагиларга тааллуқли бўлиб, захирадаги оддий фуқароларга татбиқ этилмайди. Аммо ҳуқуқ ҳимоячиси Артём Клиганинг таъкидлашича, ҳукумат «иккинчи мобилизация тўлқинидан қочиш учун» айнан шундай ҳуқуқий механизм яратмоқда.

Фаол Григорий Свердлин бу ташаббусни «ҳокимият ўз қўлларини бўшатмоқда» деб атади. Унинг фикрича, ҳукумат шундай тарзда мобилизациясиз ҳам одамларни фронтга юбориш эркинлигини қўлга киритмоқчи.

Путиннинг фармонига кўра, мобилизация захирасига шартнома асосида хизмат қилган, ҳар йили йиғинларда қатнашадиган ва иш жойи сақланиб қоладиган фуқаролар киради. Уларнинг иш берувчиларига компенсация тўланади. Картаполовнинг маълумотига кўра, бугун Украина билан чегарадош ҳудудларда минглаб захирадагилар жойлашган ва улар эҳтиёж туғилганда биринчи навбатда чақирилади.