Президент Андри Ражоэлина 12 октябр куни армия бўлинмаларида дезертирлик ҳолатлари қайд этилгандан сўнг хавфсиз жойга чиқишга мажбур бўлганини маълум қилди. У ўзи қаердалигини ошкор этмади, аммо «Мадагаскарни вайрон бўлишидан асраш учун ҳаракат қилишини» таъкидлади.
Ҳарбий манбаларга кўра, Ражоэлина 12 октябр куни Франция ҳарбий самолёти орқали оролни тарк этган. Унинг Франция президенти Эммануэл Макрон билан келишилган ҳолда эвакуация қилингани айтилади. Аммо Франция ҳукумати бу маълумотни расман тасдиқламади ва «Мадагаскар ички ишларига аралашмайди» деб баёнот берди.
Макрон ҳам бу хабарларга изоҳ бериб, ҳозирча ёрдам ҳақидаги маълумотни инкор ҳам, тасдиқ ҳам этишга шошилмаслигини билдирган. У мамлакатда конституциявий тартибни сақлаш зарурлигини таъкидлади.
Мадагаскарда сентябрь охиридан бошланган ёшлар намойишлари бутун мамлакат бўйлаб авж олди. Аввалига Антананариву шаҳрида сув ва электр узилишларига қарши бошланган митинглар кейинчалик президент Ражоэлина истеъфоси, сенат ва сайлов комиссиясини тарқатиш талаби билан оммавий чиқишларга айланди.
Тартибсизликлар давомида намойишчилар ҳукумат аъзолари уйлари ва тижорат биноларига ҳужум қилган. Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлар билан жавоб берган. БМТ маълумотларига кўра, тўрт кун давом этган тўқнашувларда камида 22 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ фуқаро яраланган.
Ражоэлина сентябр ойида ҳукуматни тарқатиб, бош вазирни алмаштирган бўлса-да, бу чоралар ижтимоий тангликни юмшатмади. Октябрь ўрталарида эса президент мамлакатда «давлат тўнтаришига уриниш» бошланганини эълон қилди.
Аввалроқ Мадагаскарда сув ва электр таъминотидаги узилишлар ортидан бошланган оммавий норозиликлар сабаб Президент Андри Ражоэлина ҳукуматни тарқатиб юборилган.