Маҳаллалар инфратузилмасига 7 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади

14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.

22

Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллаларда инфратузилмани яхшилашга қаратилган кенг кўламли дастурни белгилаб, ҳар бир туман ва оғир аҳволдаги маҳаллага катта молиявий ресурс ажратишни топширди.

«Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига борганим вилоят ҳокимлари, республика, вилоят, туман раҳбарлари, «еттилик»ни кўзини очиб, уларни сифат ва компетенцияни оширишга ундаши керак», — деди Президент.

Ўтган ҳафта имзоланган ҳукумат қарорига кўра, «Янги Ўзбекистон» қиёфаси кириб борадиган 33 та туман ва 330 та оғир аҳволдаги маҳалла танлаб олинди. Бу ҳудудларнинг ҳар бирига инфратузилмани яхшилаш учун катта маблағ ажратилади.

Хусусан, ҳар бир туманга 100 миллиард сўмдан, ҳар бир оғир маҳаллага эса 5 миллиард сўмдан молиявий ресурс йўналтирилади. Шунингдек, Жаҳон банки ва Ислом тараққиёт банкидан жалб қилинган 100 миллион доллар ҳам мазкур мақсадларга сарфланади.

Бундан ташқари, мазкур ҳудудларда амалга ошириладиган «драйвер» лойиҳаларнинг инфратузилмасини ривожлантириш учун қўшимча 2 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган. Умуман олганда, дастурни молиялаштириш учун 7 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимларига ҳар бири 2 тадан, туман ҳокимларига эса 1 тадан оғир маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш учун 5 миллиард сўмдан йўналтириш вазифасини топширди. Шу билан бирга, яна 236 та маҳаллада аҳоли турмушида сезиларли ўзгариш бўлиши шартлиги таъкидланди.