Фермерлар ерни оила аъзолари номига ўтказиши мумкин бўлади
14 октябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фермерлар ва ердан фойдаланувчилар ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган янги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди. Ҳужжат хусусан, фермерлар ўзлари ижарага олган қишлоқ хўжалиги ерларини энди давлатга қайтармасдан, оила аъзоларидан бирига ўтказиш имконини назарда тутади.
Қонун лойиҳасининг асосий мақсади — хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш ва қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни таъминлашдир. Сўнгги йилларда бу йўналишда кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда, хусусан, мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фермерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилган.
Мажлисда таъкидланишича, айрим ҳолатларда ер ижарасини бошқа шахсга ўтказиш ёки қайта ижарага бериш билан боғлиқ ҳуқуқий бўшлиқлар фермерлар фаолиятини чеклаб келган. Янги ҳужжатда бу амалиётнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилади.
Шунингдек, лойиҳага кўра, товарлар ва хизматлар бозорига ноқонуний аралашиш ёки тўсиқ яратиш учун жавобгарлик белгиланади. Бу орқали иқтисодий фаолият эркинлигини таъминлашга қаратилган тартиб жорий этилади.
Сурхондарёда аёллар пахта теримига мажбурий жалб қилингани тасдиқланди
Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида аёлларни мажбурий равишда пахта теримига чиқарганлик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълум қилди. Вазирлик маълум қилишича, туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нигора Жумаева меҳнат қонунчилигини бузгани учун жаримага тортилган. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда унинг аёлларни пахта теримига чиқаришни талаб қилаётган аудиоси тарқалганди. Унда у ҳар бир хотин-қизлар фаолидан камида икки нафар аёлни ўз билан далага олиб чиқишни талаб қилгани эшитилади.
Жумаева аудиода: «Бош вазир ўринбосари Маҳкамова келяпти, ҳазил қилманглар. Ҳамма соат 7 да даладан бўлиши керак», — деган. Қумқўрғон туман ҳокимлиги бу ҳолатга изоҳ бериб, аёллар «ўз хоҳиши билан» теримга чиққанини маълум қилган эди. Аммо вазирлик текширувидан сўнг бу меҳнат мажбурийлиги деб топилди.
Нигора Жумаевага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми асосида жарима қўлланилди. Унга кўра, ҳар қандай маъмурий мажбурлаш учун БҲМнинг 50 баробаридан 100 барбаригача (20,6 млн – 41,2 млн сўм) миқдорда жарима белгиланади. Шунингдек, Бухоро шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Н.Аминова ҳам шундай қонунбузарлик учун жаримага тортилди.
Мирзиёев ва Путин ўзаро гаплашиб олди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 14 октябр куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди. Суҳбатда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражадаги келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг асосий кўрсаткичлари ўсиш суръатини сақлаб қолиш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари даражасидаги кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Гуманитар ҳамкорлик, энг аввало, маданият, санъат ва таълим соҳаларида, шу жумладан муҳандис кадрларни тайёрлаш борасида кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.
Черногория Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз тартибни бекор қилди
9 октябр куни Черногория ҳукумати Ўзбекистон ва қатор давлатлар фуқаролари учун визасиз тартибнинг амал қилишини тўхтатди. Бу ҳақда мамлакат ҳукуматининг матбуот хизмати маълум қилди.
98-сессияда бош вазир Милойко Спайич раҳбарлигидаги Вазирлар Маҳкамаси Арманистон, Ўзбекистон ва Миср фуқароларини визадан вақтинча озод этувчи қарорларни ўзгартиришга оид ҳужжатни тасдиқлади.
Ҳукумат баёнотида таъкидланишича, мазкур ўзгаришлар миллий виза сиёсатини Европа Иттифоқи талабларига мослаштириш, шунингдек, 2024–2027 йилларга мўлжалланган ислоҳотлар дастури доирасидаги мажбуриятларни бажариш мақсадида амалга оширилган.
«Қабул қилинган тузатишлар юқорида тилга олинган мамлакатлар фуқаролари учун визадан вақтинча озод этиш ҳақидаги илгариги қарорларнинг амал қилишини тўхтатади. Бу орқали Черногория Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиш йўлидаги қатъий позициясини тасдиқлайди», — дейилади ҳукумат хабарида.
Саида Мирзиёева Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти билан учрашди
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати ва мамлакат фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлари туфайли Ўзбекистон ва ЕТТБ муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Банк кўмагида ирригация ва «яшил иқтисодиёт» соҳаларида амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Учрашувда Марказий Осиё давлатларининг яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатлари натижасида минтақада ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди.
«Ишончим комилки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шериклик нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақанинг барқарор ривожига хизмат қилади», — деди Саида Мирзиёева.