Президент: «Энг яхши солиқ тўловчи маҳаллаларга қўшимча имтиёзлар ажратилади»

14:44 | 4 дақиқада ўқилади.

Шавкат Мирзиёев маҳаллаларни ривожлантириш бўйича янги тизимни эълон қилди. Энди фаол аҳоли бошлаган лойиҳалар давлат томонидан қўллаб-қувватланади, «Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла»лар эса қўшимча рағбатлантирилади.

Pre

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳалла тизимини такомиллаштириш ва жойлардаги ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари тақдим этилди.

Бир ой олдин қабул қилинган қарорга мувофиқ, «Ташаббусли бюджет» тизими доирасида фуқаролар ўзлари бошлаган йўл, сув таъминоти, мактаб ёки боғча таъмири каби лойиҳаларни амалга оширганда, харажатларнинг ярми давлат томонидан қопланади. Келгуси йилда бу мақсадлар учун 1 мингта лойиҳага 500 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган.

Президент бу жараёнда солиқ интизомини кучайтириш мақсадида «Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла» рейтингини жорий этишни маълум қилди. Рейтингда илк 100 таликка кирган маҳаллаларнинг инфратузилма харажатларининг 75 фоизи бюджет ҳисобидан тўланади, шунингдек, уларнинг ҳар бирига 2 миллиард сўмдан қўшимча маблағ берилади.

Шу билан бирга, депутатларга ўз округларидаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун 3 миллиард сўмдан ажратилади. Санитария, экология ва ноқонуний қурилишлар бўйича жарималарнинг 10 фоизи маҳалла бюджетига йўналтирилади. 2026 йилдан бошлаб эса маҳаллаларга ҳар йили 200 миллиард сўмдан доимий маблағ ажратилади.

Президентнинг таъкидлашича, ушбу бешта манба ҳисобига келгуси бир йилда 2 мингта маҳаллага жами 8,5 триллион сўм қўшимча ресурс йўналтирилади. Давлат раҳбари бу маблағларни оқилона сарфлаш ва «маҳалла еттилиги» фаолиятини янги ёндашув асосида ташкил этиш зарурлигини қайд этди.

Мирзиёев мисол сифатида Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласини тилга олди.

«Ушбу маҳалла атрофидаги олти маҳаллага хизмат кўрсатувчи марказга айланмоқда, тадбиркорлар эса замонавий гузар, мактаб, боғча ва ишлаб чиқариш зонаси қуриш ташаббусини илгари сурмоқда. Архитектор ва урбанистларни жалб этиш орқали бу ҳудудларнинг қиёфаси бутунлай янгиланиши кутилмоқда».

Президент ҳокимларга Ислоҳотлар штаби билан ҳамкорликда биринчи босқичда 33 та туман ва 330 та маҳаллада шундай ёндашув асосида ишларни амалга ошириш вазифасини топширди.