Собиқ депутат, тадбиркор Олим Сулаймоновга жиноий иш очилди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 61 ёшли О. Сулаймоновга нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Фуқаро шу кунга қадар ИИО томонидан гумонланувчи тариқасида бир неча маротаба, чақирув қоғози орқали расман чақирилган бўлсада, терговга келишдан қасддан бўйин товлаб келган.
Шунга кўра, бугун 14 октябр куни, О. Сулаймоновни қонуний асос билан, тергов жараёнига мажбурий келтириш чораси қўлланилди ва мавжуд жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
«Шу ўринда, айрим ижтимоий тармоқ фаолларига, жиноят иши юритилаётган вақтда, интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали, тергов жараёнига таъсир ўтказишга уриниш жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида эслатиб ўтамиз», – дейилади хабарда.
2016 йилда тадбиркор Олим Сулаймонов ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари томонидан порахўрликка мажбурланаётгани ҳақида видеомурожаат қилиб, ўша пайтда Президент вазифасини бажараётган Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган эди. Унинг сўзларига кўра, департамент ходими ундан 30 минг доллар талаб қилган, талаб бажарилмаганидан сўнг эса “Дўрмон бизнес қурилиш” ва “Оптима” компанияларига тегишли ҳисобрақамлар музлатиб қўйилган.
Кейинчалик Сулаймоновнинг ўзига қарши туҳмат, фирибгарлик ва ёлғон кўрсатма бериш каби айбловлар қўйилиб, у қамоққа олинган. Бироқ тадбиркор апелляция судига мурожаат қилиб, тўққиз ойлик жараёндан сўнг тўлиқ оқланган. Унинг таъкидлашича, бу қарор амнистия эмас, балки суднинг оқлов қарори асосида қабул қилинган ва адолат қарор топишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий аралашуви муҳим аҳамият касб этган.