Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, 7 минг 522 та компания қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) асоссиз равишда камайтириш орқали қонунбузарликка йўл қўйган. Улар ҳақидаги янгиланган маълумотлар Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида мунтазам эълон қилиб борилади.
«Фақат шу йилнинг ўзида иқтисодий мазмунга мос бўлмаган шубҳали операцияларни амалга оширган 902 та субъект аниқланди», — дейилади қўмита баёнотида.
Солиқ органлари тадбиркорларга ҳамкор танлашда Солиқ кодекси талабларига кўра эҳтиёткорлик билан иш юритишни тавсия қилмоқда. Хусусан, контрагентнинг молиявий ҳисоботини текшириш, офис ва омборнинг мавжудлигини тасдиқлаш, ходимлар сонини ва фаолиятнинг ҳаққонийлигини баҳолаш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, компаниянинг обрўсини ижтимоий тармоқлар ва очиқ манбалар орқали текшириш тавсия этилмоқда.
Қўмита огоҳлантиришича, агар контрагент норасмий иқтисодий фаолият билан шуғулланса, бундай операциялар ҳисобга олинмаслиги ва солиқлар қайта ҳисобланиши мумкин. Бу ҳолат тадбиркор учун солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида баҳоланиши эҳтимоли бор.
Шу йилдан Солиқ қўмитаси электрон счёт-фактуралар (ЭСФ) расмийлаштириш жараёнида хавфларни баҳолаш тизимини синовдан ўтказмоқда. Бу тизим шубҳали операцияларни бартараф этиш, ноқонуний ҚҚС қайтариш схемаларини чеклаш ва бизнес хавфини камайтиришга хизмат қилади. Илк натижаларга кўра, юзлаб миллиард сўмлик шубҳали операциялар фош этилган.