Сурхондарёда аёллар пахта теримига мажбурий жалб қилингани тасдиқланди

11:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида аёлларни мажбурий равишда пахта теримига чиқарганлик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълум қилди.

Paxta

Вазирлик маълум қилишича, туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нигора Жумаева меҳнат қонунчилигини бузгани учун жаримага тортилган. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда унинг аёлларни пахта теримига чиқаришни талаб қилаётган аудиоси тарқалганди. Унда у ҳар бир хотин-қизлар фаолидан камида икки нафар аёлни ўз билан далага олиб чиқишни талаб қилгани эшитилади.

Жумаева аудиода: «Бош вазир ўринбосари Маҳкамова келяпти, ҳазил қилманглар. Ҳамма соат 7 да даладан бўлиши керак», — деган. Қумқўрғон туман ҳокимлиги бу ҳолатга изоҳ бериб, аёллар «ўз хоҳиши билан» теримга чиққанини маълум қилган эди. Аммо вазирлик текширувидан сўнг бу меҳнат мажбурийлиги деб топилди.

Нигора Жумаевага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми асосида жарима қўлланилди. Унга кўра, ҳар қандай маъмурий мажбурлаш учун БҲМнинг 50 баробаридан 100 барбаригача (20,6 млн – 41,2 млн сўм) миқдорда жарима белгиланади.

Шунингдек, Бухоро шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Н.Аминова ҳам шундай қонунбузарлик учун жаримага тортилди.

Вазирлик маълумотига кўра, мавсум давомида ҳозиргача 74 та меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолати аниқланган. 8 нафар мансабдор шахс 51-модда бўйича, қолганлар эса 49-модда асосида жаримага тортилган. Шунингдек, 1400 нафардан ортиқ теримчи билан расмий меҳнат шартномалари тузишда амалий ёрдам кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё пахтакорлари мамлакатда пахта топшириш шартномавий режасини биринчи бўлиб ортиғи билан бажарди. Улар қабул қилиш пунктларига 275 минг 600 тоннадан ортиқ хомашёсини етказиб беришди.