Трамп «қовун тушурди»ми?

22:30 | 5 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти иттифоқчиларни адаштириб, Арманистон бош вазирини Озарбайжон раҳбарининг «ватандоши» деб айтди.

Trump pashinyan

АҚШ президенти Доналд Трамп Шарм аш-Шайх тинчлик саммити чоғида Арманистон бош вазири Никол Пашинянни Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг «ватандоши» деб атагани учун яна бир бор эътибор марказида бўлди.

Трамп Озарбайжон раҳбарига мурожаат қилиб, «Ватандошингиз қаерда?» деб сўради ва Пашинянга ишора қилингач, қўшиб қўйди: «Ҳой йигитлар, ҳали ҳам аҳил юрибсизларми? Улар 32 йил урушишди, биз эса барчасини бир соатда ҳал қилдик. Энди улар дўст бўлиб қолишди».

Трампнинг бу сўзлари саммит иштирокчиларида кулгига сабаб бўлди, бироқ Арманистон ва Озарбайжон оммавий ахборот воситаларида бу сўз турлича қабул қилинди. Инглиз тилида «compatriot» сўзи ҳақиқатан ҳам нафақат «ватандош», балки «турдош» ёки «шерик» деган маънони ҳам англатиши мумкин. Бироқ, Ереван ва Боку ўртасидаги узоқ вақтдан бери давом этаётган тўқнашувлар шароитида бу тилнинг сирғалиши айниқса ноқулай туюлди.

Трамп, унинг сўзларига кўра, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги «кичик урушни тўхтатган» АҚШ эканини эслатди. Бу сафар АҚШ президенти Арманистонни Албания билан адаштирмади.

Оқ уй раҳбари август ойида Алиев ва Пашинянни Вашингтонга қандай таклиф қилгани ва гўёки «бир соат ичида тинчликка эришгани» ҳақида гапириб берди.

«Улар Овал кабинетнинг қарама-қарши томонида ўтиришди ва бир соатдан кейин улар қучоқлашди. Энди улар дўст бўлишди ва бу ақл бовар қилмайдиган нарса», – деди Трамп.

Президент икки давлат ўртасидаги ярашув урушлар давом этаётган бошқа минтақалар учун ҳам намуна, деб билишини қўшимча қилди.

“Биз Исроилдан Қатарга, Ҳиндистондан Покистонга, Арманистондан Озарбайжонгача янги дўстлик кўприкларини қурмоқдамиз”, – деди Америка раҳбари.

Трамп ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Ғазо тинчлик келишувини тақдим этган Шарм ал-Шайх саммитида Туркия, Франция, Буюк Британия, Саудия Арабистони ва бошқа 27 давлат раҳбарлари иштирок этди. Иштирокчилар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушга барҳам берувчи ҳужжатни имзоладилар ва Яқин Шарқдаги узоқ муддатли хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилдилар.

Трамп учрашувни «янги Шарқнинг тарихий тонги» деб атади ва «ҳақиқий дипломатия душманлар биринчи бўлиб қўл бериб кўришган жойдан бошланади», деб таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги ярашув «бутун минтақани қамраб олиши керак бўлган тинчлик сари бир қадамдир».