Туркияда туркий давлатлар фуқаролари учун ишга жойлашиш соддалаштирилди

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон туркий мамлакатлар фуқароларига ишлаш ва тадбиркорлик билан шуғулланишни осонлаштирувчи фармонни имзолади. Бу қарор меҳнат миграцияси соҳасида янги босқични бошламоқда.

Ish

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 10 октябр куни туркий давлатлар фуқароларининг мамлакатда ишга жойлашишини соддалаштирувчи фармонни имзолади. Ҳужжат Туркиянинг расмий «Resmî Gazete» нашрида эълон қилинди.

Янги тартибга кўра, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон фуқаролари эндиликда Туркияда ишлаш учун мураккаб рухсатнома жараёнларидан ўтмайди. Улар давлат ёки хусусий секторда тадбиркорлик ва касбий фаолият билан шуғулланиши мумкин бўлади.

Фақат армия ва хавфсизлик тузилмаларида хизмат қилиш ҳуқуқи туркий давлатлар фуқароларига татбиқ этилмайди. Шунингдек, улар Туркия фуқаролари билан бир қаторда касбий уюшмаларда рўйхатдан ўтиши талаб этилади.

Фармонга мувофиқ, Туркияда яшаш ва ишга жойлашиш учун Туркия фуқаролигини олиш мажбурияти ҳам бекор қилинди. Бироқ бу фуқароларга сайловларда иштирок этиш ёки сайланиш ҳуқуқини бермайди.

Мазкур қарор 2025 йил 7 октябрда Озарбайжонда ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 12-саммитидаги муҳокамалардан сўнг қабул қилинди. Саммитда давлат раҳбарлари иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва туркий давлатлар ўртасида меҳнат бозори эркинлигини таъминлаш ниятида эканини билдирган эди.

Эслатиб ўтамиз, Туркий давлатлар ташкилоти 2009 йилда Туркий кенгаш номи билан ташкил этилган бўлиб, 2021 йилда ҳозирги номини олган. Ташкилот аъзолари қаторида Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон бор. Кузатувчи давлатлар эса Венгрия, Туркманистон ва қисман тан олинган Шимолий Кипр Турк Республикасидир.