Wildberries & Russ бирлашган компанияси «Ўзбекистон почтаси» (UzPost) почта алоқа операторининг давлат улушини сотиб олди. Бу ҳақда RBK бизнес нашри Россия бозоридаги манбаларига таяниб хабар берди. Шунингдек, «Spot» нашри ҳам бу маълумотни тасдиқлади.
UzPost хусусийлаштирилдими?
Vaqt.uz 12 октябр куни UzPost’даги давлат улуши харидори «шимолий маркетплейслардан бири» эканлигини ёзганди. Хусусан, бу Россияда сўнгги йилларда катта шов-шувлар ва қуролли тўқнашувларга сабаб бўлган «Wildberries» маркетплейси бўлиши мумкинлиги ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар тарқалди. Бу маълумотлар орадан икки кун ўтиб рус манбалари томонидан тасдиғини топди. Бироқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳам, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳам, Wildberries ҳам расман изоҳ бермади.
«Ўзбекистон почтаси» эса хусусийлаштириш ҳақидаги маълумотларни рад этмаган ва тасдиқламаган ҳолда, модернизация ҳамда рақамли трансформация учун инвестицияларни жалб қилиш режаларини маълум қилди.
UzPost билан боғлиқ нималар маълум?
2025 йилгача хусусийлаштириш дастури доирасида UzPost акцияларининг 29,4 фоизи очиқ савдога қўйилиши режалаштирилган. Қизиғи шундаки, сентябрь ойида компания Тошкент шаҳридаги 50 та почта алоқаси биносини ўз балансига ўтказиб, устав капиталини оширган эди.
Жорий йил июн ойида «UzPost»нинг аффилланган шахслар рўйхатида катта ўзгаришлар бўлган. Рўйхатдан «Алоқабанк», Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда унга тегишли 20 фоиздан ортиқ улушга эга компаниялар чиқариб ташланган.
Шунинг ўрнига аффилланганлар қаторига Давлат активларини бошқариш агентлиги, ушбу агентликка тегишли юридик шахслар ва Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси қўшилган. Ушбу уч субъект «UzPost» акцияларининг 20 фоиздан зиёд улушига эга бўлган.
Компания 2023 йилни 809,7 миллион сўмлик соф фойда билан якунлаган бўлса, 2024 йилда тушум ҳажми 603,5 миллиард сўмни ташкил этиб, соф фойда 843,9 миллион сўмга етган.
Сентябр ойида аввал Миллий инвестиция жамғармасига берилиши режалаштирилган 25 фоизлик улуш Давлат активларини бошқариш агентлиги ихтиёрига ўтказилган эди. Бу ўзгаришлар «UzPost» акцияларининг кейинчалик тўлиқ хусусийлаштиришга тайёрланаётганини кўрсатмоқда.
Расман янги эгасининг номи тасдиқланмаган бўлса-да, барча ишоралар Wildberries’га олиб бормоқда. Аммо шу нуқтада Uzum «ўйин»га кирди.
Uzum «ўйин»га кирди
Uzum 13 октябр куни «Ўзбекистон почтаси»га сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилди. Ҳозир маркетплейс почта операторининг IT ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришга фаол сармоя киритмоқда.
«Почта биз учун узоқ вақтдан бери стратегик ҳамкор бўлиб келган, 2026 йилда буюртма топшириш бўйича ҳамкор пунктлар сонини мамлакат бўйлаб 1000 дан ортиқа, почта инфратузилмаси ёрдамида етказиб берилаётган буюртмалар сонини эса Uzum Market билан умумий буюртмалар сонининг 10 фоизигача оширишни режалаштиряпмиз», — деди Uzum асосчиси ва бош директори Жасур Жумаев.
Бундан ташқари, Жасур Жумаев келгуси 3–4 йил ичида Uzum мамлакатга 1,5 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритишни режалаштираётганини очиқлаган. Компания «Ўзбекистон почтаси» билан биргаликда логистика инфратузилмасини ривожлантиришни кўзламоқда.
Орадан бир кун ўтиб, 14 октябр куни Uzum «Ўзбекистон почтаси»ни хусусийлаштириш бўйича савдоларда иштирок этиш учун расман ариза топширганини маълум қилди.
«Биз ишонч билдирамизки, почта хизмати — давлатнинг энг муҳим активларидан бири, шунинг учун уни бошқариш наfaқат бизнес, балки миллий манфаатларни ҳам ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак», — деб ёзилади Uzum’нинг Telegram саҳифасида.
Маълумот учун, Uzum Market ва UzPost’нинг 650 дан ортиқ ҳамкорликдаги буюртма топшириш пунктлари мавжуд.
«Ўзбекистон почтаси» тарихи
«Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти (UzPost) 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, 2014 йилда акциядорлик жамияти шаклига ўтган. Компания бугунги кунда мамлакатнинг ягона миллий почта оператори сифатида фаолият юритади.
Ташкилот таркибида 14 та минтақавий бошқарма, 1602 та алоқа бўлими ва 3500 дан ортиқ етказиб бериш участкаси мавжуд. UzPost’нинг жами 7000 дан зиёд ходими бор, шулардан 2500 нафари тўғридан-тўғри аҳолига хизмат кўрсатувчи почтачилардир. Компания 25 та ҳаво йўналиши ва 300 дан ортиқ автомобил йўналишлари орқали почта ва юк ташиш хизматларини амалга оширади.
UzPost халқаро майдонда ҳам фаол иш юритиб, Бутунжаҳон почта иттифоқи аъзоси ҳисобланади. Шунингдек, компания халқаро IFS, PNG, RUGBY, IBIS ва PRIME тизимлари орқали почта ва молиявий хизматлар кўрсатади.
Почта ва посилкаларни етказиб беришдан ташқари, жамият абонентлик, тўлов, молиявий ўтказмалар ва почта маркалари чиқариш билан ҳам шуғулланади.
Wildberries атрофидаги можаролар
Wildberries сўнгги икки йил ичида Россияда энг кўп муҳокама қилинган хусусий компаниялардан бирига айланди. Компания атрофидаги тортишувлар, ички можаролар ва сиёсий таъсирлар унинг Ўзбекистондаги эҳтимолий фаолияти ҳақида ҳам турли саволларни пайдо қилмоқда.
2024 йил ёзида Wildberries мамлакатдаги йирик ташқи реклама оператори Russ Outdoor билан бирлашганини эълон қилди. Mаълумотларга кўра, бу қадам маркетинг ва реклама инфратузилмасини бирлаштириш, логистик занжирни кенгайтириш мақсадида қилинган. Аммо бирлашув ортида катта оилавий ва сиёсий драма яширилгани маълум бўлди.
Forbes нашри ёзишича, компания асосчиси Татяна Бакалчук ва унинг турмуш ўртоғи Владислав Бакалчук ўртасидаги келишмовчиликлар жамоатчилик муҳокамасига айланди. Владислав Бакалчук бирлашув жараёни «унинг розилигисиз амалга оширилганини» айтди, шундан сўнг Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров вазиятга шахсан аралашиб, «оилавий масала» ҳақидаги видеомурожаат билан чиқди.
Қодиров бу ишга «кавказликлар аралашгани»ни таъкидлаб, Татяна Бакалчукни «турмуш ўртоғини четлатганликда» айблади. Шу тариқа корпоратив келишув шахсий можарога айланди.
Бирлашув натижасида Wildberries компаниясида улушлар шундай тақсимланди:
- Wildberries — 65 фоиз;
- Russ Outdoor — 35 фоиз.
Бу ҳолат кўплаб таҳлилчилар томонидан Russ орқали компанияни босқичма-босқич «назоратга олиш уриниши» деб баҳоланди. Кейинчалик бир қатор юқори лавозимдаги ходимлар ишдан бўшатилди, уларнинг ўрнига Russ’дан келган шахслар тайинланди.
Юридик жиҳатдан эса, агар Бакалчуклар ўртасида никоҳ шартномаси бўлмаган бўлса, Wildberries улушлари бўлиниши мумкинлиги айтилди — бу эса компаниянинг мулкдорлик тузилиши ва бошқарув барқарорлигига жиддий хавф солди.
Шу воқеалардан сўнг Wildberries Россияда «йилнинг энг можароли компанияси» сифатида тилга олина бошлади. Айрим экспертлар унинг корпоратив маданияти ва ишчилар билан муносабатларини танқид қилди, айримлари эса компаниянинг рақобатбардош логистика тизими ва фаол инвестиция сиёсатига эътибор қаратди.
Шунинг учун ҳам Wildberries’нинг Ўзбекистонда UzPost хусусийлаштирилиши жараёнида иштирок этиши тўғрисидаги маълумотлар нафақат иқтисодий, балки сиёсий-ижтимоий баҳсларга сабаб бўлди. Компаниянинг Россиядаги тажрибаси ва тортишувли обрўси маҳаллий жамоатчиликда «бу хусусийлаштириш кимнинг қўлига ўтади?» деган саволни кучайтирди.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.