Араблар келмаган саммит ёки Россиянинг Яқин Шарқдаги таъсири ниҳояси

14:00 | 55 дақиқада ўқилади.

Москвада ўтиши керак бўлган Россия-Араб саммити «узрли сабабларга кўра қолдирилди», деган расмий баёнотлар ортидаги воқеликни яшира олмади: Кремлнинг Яқин Шарқдаги таъсири бутунлай йўққа чиқиб бўлган.

Yaqin sharq

Собиқ дипломат Сергей Коняшин саммитга тайёргарлик ва унинг бекор қилиниши ва бу тўлиқ таназзулнинг сабабларини таҳлил қилди.

Бу тарихий тадбиргa Кремл протоколи жиддий ҳозирлик кўраётганди. Георгий залидаги ходимлар аллақачон 22 та араб мамлакатлари байроқдони ўртасидаги аниқ масофаларни белгилаётганди. Ташқи ишлар вазирлиги ва президент маъмуриятининг энг маҳоратли таржимонлари бўлажак қўшма баёнот матнини уч тилда мукаммал равонлик билан тайёрлаб, ҳар бир сўзни жилолаб чиқишарди. ФХХ генераллари эса юқори мартабали меҳмонлар кортежлари учун ҳаракат йўналишларини режалаштираётганди. 2025 йил 15 октябрда Москва тарихдаги биринчи Россия-Араб саммитига мезбонлик қилиши керак эди — у ҳар томонлама улкан сиёсий тадбир бўлиб, Россия ҳатто оғир уруш ва Ғарб санкциялари шароитида ҳам Яқин Шарқда ўз нуфузини сақлаб қолганини исботлашга мўлжалланганди.

Бироқ бу учрашув амалга ошмади. Саммитга атиги беш кун қолган 10 октябрда Кремл тадбир «қолдирилгани»ни уялибгина эълон қилди. Расмий, бироқ шунга қарамасдан ноўнғай баёнотга кўра, Владимир Путин бу қарорни АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг Ғазодаги можарони бартараф этиш уринишларига халақит бермаслик мақсадида қабул қилган эмиш. Бироқ Bloomberg манбаси бутунлай бошқа маълумот тарқатди — таклиф этилган давлатлар орасидан Москва саммитида қатнашишни аниқ тасдиқлаган атиги икки киши бўлган: Сурия президенти Аҳмад Аш-Шаръа ва Араб давлатлари Лигаси бош котиби Муҳаммад Судоний.

Россия-Араб саммитининг ўтказилмай қолиши Кремл пропагандаси сингдиришга ҳаракат қилаётганидек оддий ташкилий муаммо ёки вақтинчалик кечикиш сифатида баҳоланиши мумкин эмас. Аслида, бу — анча жиддий муаммонинг ёрқин кўриниши: Путин ҳукмронлик қилаётган чорак аср давомида Россия Яқин Шарқдаги сиёсий таъсирини буткул йўқотиб бўлди. Россиянинг « минтақада ўз мавқеини тиклаётгани» қабилидаги дабдабали баёнотлар ортида араб давлатлари билан самарали алоқалар ўрната олмаслик каби тизимли лаёқатсизлик яширин.

Бу геосиёсий мағлубият сабабларини халқаро вазиятдан эмас, балки фақат ва фақат Россия ташқи сиёсати тизимининг ички иллатларидан излаш керак — чуқур илдиз отган коррупция, малакали кадрларнинг танқислиги, узоқни кўра билувчи стратегик фикрлашнинг йўқлиги ва, энг муҳими, мамлакат олий раҳбариятининг Яқин Шарқ муаммоларига нисбатан жуда паст даражадаги билим ва тушунчасида.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Кремлнинг расмий позициясини шундай изоҳлади: гўё араб етакчилари Ғазо секторида АҚШнинг тинчлик ўрнатишга бўлган уринишлари авж палласида минтақани тарк этишни ноқулай, деб ҳисоблашган. Шунинг учун саммитни кейинги муддатга кўчиришга қарор қилинган. Ҳолбуки, бирор бир араб раҳбари бундай баёнот бермаган. Аммо Россиянинг давлатга қарашли ОАВлари бу версияни мамнуният билан кўтариб, кечиктирилишни «дипломатик эгилувчанлик» ва Москва томонидан масъулият билан ёндашув сифатида талқин қилишди. Шу йўсинда, расмий жиҳатдан саммит гўё ҳали бекор қилинмаган, балки номаълум муддатга — тахминан 2025 йил ноябригача кечиктирилган. Аммо воқеаларнинг моҳиятини тушуниш учун ноябрдаги Путин ва Ушаковнинг янги баҳоналарини кутмай ҳам, хулоса чиқариш мумкин. Кремлнинг бу «дипломатик эгилувчанлиги»нинг ҳақиқий сабаби шундаки, жами 20 дан ортиқ хорижий етакчининг бирортаси ҳам Путин билан учрашишни хоҳламади.

Энг ҳайратланарлиси — саммитга тайёргарлик қарийб ярим йил давом этганига қарамай, фақат октябр бошига келибгина аниқ бўлдики, Путин бу учрашувни ўтказадиган бирорта ҳамнафас топа олмайди. Сурия каби фуқаролик урушида хароб бўлган давлатдан ташқари, бирор араб мамлакати Кремл таклифига жавоб қайтаришни лозим топмади. Воқеа миқёсини тушуниш учун дастлабки режа нақадар дабдабали ва сиёсий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлганини англаш лозим. Россия президентининг Араб давлатлари лигасига аъзо барча мамлакатлар раҳбарлари билан учрашуви тарихда илк бор Москва ва бутун араб дунёси ўртасидаги тўлиқ форматдаги саммит сифатида режалаштирилганди. Бу «мулоқот формати» деб номланган шаклда бўлиб, икки томон — Россия ва АДЛ номи билан ҳаракат қилувчи араб давлатлари блоки тенг ҳуқуқли тарзда олий даражада фикр алмашиши назарда тутилган эди. Кремл бу тадбирни, эҳтимол, 2019 йилдан бошлаб ўтказиб келинаётган Россия-Африка саммитлари асосида ташкил қилишни мақсад қилганди.

Кремл шу панараб платформаси орқали Россия Яқин Шарқда ҳали ҳам таъсирга эга ва шаклланаётган кўп қутбли жаҳон тартибида муҳим ўрин тутади, деган тасаввурни намоён этишни истаган. Доимо «бир қутбли дунё тугади» ва «Москва жаҳон сиёсий саҳнасида алоҳида ўрин эгаллайди» деган ғояларни уқтирадиган Путин учун сиёсий, рамзий ва шахсий нуфуз нуқтаи назаридан бундай саммитни муваффақиятли ўтказиш жуда муҳим эди. Шунинг учун оқибат Кремл учун янада аламли ва шармандалик бўлди.

Шуни англаш керакки, бундай даражадаги саммитнинг сўнгги лаҳзада бекор қилиниши на тасодиф, на нотўғри ҳисоб-китоб оқибати. Бу Россиянинг Яқин Шарқдаги реал сиёсий салмоғини йиллар давомида аста-секин йўқотиб борганининг мантиқий ва муқаррар натижасидир.

 

Путиннинг Яқин Шарқдаги сароби: таклифлар шармандаликкача

2025 йил 22 апрел куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков шундай баёнот берган эди: кузда Россия ва Араб давлатлари лигасига аъзо барча мамлакатлар раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтади. Бу тарихдаги мислсиз воқелик сифатида эълон қилинди. Бундан тахмин қилиш мумкинки, барча араб давлатлари раҳбарларини Москвага тўплаш ғояси, анчадан буён Кремлнинг ўй-фикрида бўлган. Охирги ўн йиллик мобайнида «Россия — Араб дунёси» форуми олти марта ташқи ишлар вазирларини йиғишга муваффақ бўлган, 2023 йил декабрида Марракеш шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда эса Сергей Лавров Владимир Путин топшириғи билан ушбу мулоқотни олий даражага кўтаришни таклиф қилганди.

2025 йил баҳорида Кремл ўз режасини амалга оширишга киришди. Президент шахсан ўзи Араб давлатлари лигасига аъзо барча 22 давлат раҳбарлари ва ушбу ташкилот бош котибига таклифнома юборди. Саммит 15 октябр куни Москвада ўтказилиши белгиланди. Путин бу лойиҳада аввало, АҚШ президенти Доналд Трамп бошчилигидаги Ғарб пойтахтларига Россиянинг Яқин Шарқда ҳамон таъсири ва қўллаб-қувватлови борлигини кўрсатиб қўйиш борасидаги амбицияларини яширмади.

Дастлабки ишоралар Кремл учун умидбахш туюлди. Май ойида Путин очиқ-ойдин баёнот бериб, араб раҳбарларининг кўпчилиги унинг таклифига аллақачон рози бўлганини айтди. Куз бошига келиб тайёргарлик якуний босқичга кирди: Москвада саммит учун расмий веб-сайт ишга туширилди, 13 октябрь куни, яъни саммит арафасида «Россия — Араб давлатлари лигаси» ҳамкорлик форумининг вазирлар йиғилиши ўтказилиши режалаштирилганди. 9 октябрь тонгида RT телеканалига берган интервьюсида Сергей Лавров Лигага аъзо мамлакатларнинг мутлақ кўпчилиги айнан давлат ёки ҳукумат раҳбарлари даражасида иштирок этишини урғулади. Аммо бу гапларнинг ўзиёқ шубҳали эшитиларди. Чунки бу пайтга келиб саммит муваффақиятсизликка учраши мумкинлигига кўплаб ишоралар аллақачон пайдо бўлганди.

Таклифномалар барча араб етакчиларига беистисно юборилган бўлишига қарамай, Саудия Арабистони ва бошқа қатор асосий давлатлар саммитда қатнашишини саммит арафасида ҳам расман тасдиқламадилар. Шу шароитда Кремл нима учундир араб ҳамкорларининг Москвага келмасликка бўлган хоҳишсизлигини баҳона қилишга киришди. Масалан, 7 октябр куни президент ёрдамчиси Юрий Ушаков делегацияларнинг якуний таркиби ҳали аниқ эмаслиги, кўплаб таклиф қилинган етакчилар ногаҳон пайдо бўлган «Трамп режаси»ни амалга ошириш билан банд эканини таъкидлади. Агар бу гапни дипломатик тилдан таржима қилсак, Кремл унинг Яқин Шарқдаги деярли барча ҳамкорлари Москвадаги учрашувдан кўра бошқа мақсадларни устувор деб топишганини аниқ тан олаётганди. Бу эса ҳалокатли сигнал эди.

Путин таклифига кимлар жавоб қайтармади ва нега бу унинг учун жуда кескин аҳамиятга эга? Келмасликка қарор қилганлар орасида Яқин Шарқдаги геосиёсий мувозанатга таъсир қилувчи, Москва билан анъанавий алоқалари мавжуд бўлган давлатлар етакчилари ҳам бор эди.

Энг аввало, шундай етакчилардан бири — Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва амалда раҳбари Муҳаммад ибн Салмон Путин таклифини инкор этди. Ар-Риёднинг Москва учун аҳамиятини кам баҳолаб бўлмайди. Саудия Арабистони нафақат бутун араб оламининг етакчиларидан бири, балки жаҳондаги энг йирик нефт экспортчиси ҳамда OPEC+ келишувлари бўйича Россиянинг муҳим ҳамкори саналади. Россия–Саудия муносабатлари контекстида бу саммит охирги йиллардаги яқинлашувни мустаҳкамлаш учун муҳим имконият сифатида кўрилган эди. Путин ва шаҳзода ибн Салмон Ол Сауд ўртасидаги ўзаро ташрифлар, нефт бозоридаги ҳаракатлар ва Сурия бўйича олиб борилган мулоқотларни эслашнинг ўзи кифоя. Аммо Ар-Риёд эҳтимол, айни шароитда Россияни қўллаб-қувватлаш унчалик фойда келтирмаслиги, Вашингтон билан муносабатларда эса ташқи сиёсатда ўта эҳтиёткорлик талаб этилиши борасидаги хулосага келган.

Кам эмас даражада аҳамиятли бўлган яна бир қарор — Бирлашган Араб Амирликлари президенти шайх Муҳаммад ибн Зойид Ол Наҳайён томонидан қабул қилинди. У яқингинагача Путин билан яқин муносабатда бўлиб, 2022 йилдан кейин ҳам Россия билан алоқаларни очиқ давом эттирган саноқли етакчилардан бири эди. Украинадаги уруш ортидан БАА Россия иқтисоди ва логистикаси учун муҳим марказга айланди. Ҳамма Абу-Дабининг Москва билан сиёсий мулоқотни чуқурлаштиришга қизиқиши юқори, деб ҳисобларди. Аммо Наҳайённинг Москвага бормасликка қарор қилиши шуни кўрсатдики: ҳатто Россияга нисбатан энг содиқ мамлакатлар ҳам ҳозир Путин билан ортиқча яқинликни намоён этишни истамаяпти. Аксинча, улар Москвадан узоқлашиб, глобал таъсир марказларидан бошқаларига юз тутмоқда.

Путин билан учрашишдан очиқча бош тортганлардан яна бири — Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий. Миср — аҳоли сони бўйича энг йирик араб мамлакати ҳамда Россиянинг кўп йиллик стратегик ҳамкори. Совет давридаги мустаҳкам Москва–Қоҳира иттифоқини, шунингдек ҳозирги ҳарбий ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни эслашнинг ўзи кифоя. Аммо энди аён бўлдики, бу «иттифоқчи» ҳам Яқин Шарқдаги таъсирли давлатлар қабул қилган америкапарастлик йўлига ўтиб, шу сиёсий ёндашув доирасида ҳаракат қилмоқда.

Сурия инқирозини бартараф этиш масаласида Москвага стратегик шерик бўлган Ўрдун ҳам саммитга қизиқиш билдирмади ва саудияликлар ҳамда мисрликлар позициясини қўллаб-қувватлади. Бошқа бир муҳим мамлакат — «Газпром»нинг йирик рақиби ва глобал газ экспортчиси Қатар эса бошиданоқ Путин таклифига нисбатан совуқ муносабатда бўлган эди.

Албатта, Кремлнинг расмий версиясида «бекор қилинди» ёки «барбод бўлди» деган сўзлар йўқ. Бироқ жамиятда ана шундай кайфият ҳукм сурмоқда. Эътиборга молик жиҳати шундаки, Россия расмийлари ўнлаб «иттифоқчилар»нинг ногаҳон бандлиги сабабини тушунтиришда айнан Америка томони таклиф қилган Яқин Шарқ тинчлик режасига ишора қилмоқда. Бу жараёнда эса Москва умуман иштирок этмаяпти. Яъни Путин, хоҳламаса-да, амалда замонавий геосиёсатнинг энг муҳим минтақаси бўлмиш Яқин Шарқда Россиянинг ролини иккинчи даражали эканини тан олмоқда.

Шунинг учун Россия–Араб саммити ўтказилмай қолиши — Кремлнинг Яқин Шарқдаги таъсири сўниб бораётганининг аниқ ва хавотирли белгисидир. Украинага қарши уруш Москва анъанавий равишда араб дунёсидаги позицияларини мустаҳкамлаб турган ҳарбий, иқтисодий ва дипломатик ресурсларнинг катта қисмини йўқотишига сабаб бўлди. Сурияда 2024 йил охирида Башар Асад режими қулаши эса Кремлни минтақадаги сиёсатининг асосий таянчи бўлган нуқтадан маҳрум қилди. Шу билан бирга, АҚШ ва Хитой бу ҳудудда ўз таъсирини сезиларли даражада ошириб бўлди.

 

Йўқотилган нуфуз кули – супердавлатдан маргиналгача

Путин даврида Россиянинг Яқин Шарқдаги таъсирининг қанчалик кескин пасайганини тушуниш учун, у қайси чўққидан бошлаганини эслаш керак. Совуқ уруш даврида совет иттифоқи бу минтақадаги икки асосий ўйинчидан бири эди. Москва деярли бутун Яқин Шарқда ўзига содиқ тузумлар ва ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган: Жамол Абд-ун-Носир давридаги Миср, Ҳофиз Асад бошчилигидаги Сурия «Баас» партияси, Саддам Ҳусайн бошқараётган Ироқ, Жанубий Яман, Жазоир ва бошқалар. Совет ҳарбий маслаҳатчилари араб офицерларини ўқитарди. СССР муҳандислари кўплаб араб давлатларида сув омборлари, электр станциялари ва тўғонлар қурган. Москва, Ленинград ва бошқа ўнлаб шаҳарлардаги университетлар минглаб араб талабаларини қабул қилган.

1960–1970-йилларда араб социализми ва панарабизм гуллаб-яшнаган пайтда Москва кўплаб Яқин Шарқ раҳбарлари учун Ғарб таъсирига қарши табиий ва ишончли иттифоқчи сифатида кўринарди. Совет ҳарбий денгиз флотлари доимий равишда Ўрта Ер денгизида жойлашган бўларди. Кремл минтақадаги деярли барча асосий низоларда ўз иттифоқчилари томонида иштирок этарди.

СССР парчаланиб кетганидан сўнг ҳам, ўзининг молиявий ва ҳарбий-техникавий имкониятларини йўқотган Москва, совет меросининг инерцияси билан Яқин Шарқда яна анча вақт катта нуфузга эга бўлиб турди. 1999 йилда ҳокимиятга келган Владимир Путин Россияни яна буюк давлат сифатида тиклаш ҳақида кўп гапирди. Унинг учун Яқин Шарқ бу қайта тикланишнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган эди. Россия дипломатларининг чиқишларида Россия араб дунёсининг анъанавий ҳамкори сифатида минтақага қайтаяпти, деган фикрлар тобора кўпроқ янграй бошлади.

Бироқ Путиннинг кўп қутбли дунё ва Россиянинг Яқин Шарқдаги ўзига хос роли ҳақидаги шов-шувли баёнотлари амалда ҳеч қандай ҳаракатлар билан мустаҳкамланмади. 1990–2000-йилларда Россия Яқин Шарққа бошқа йирик ўйинчилар каби жиддий ва йирик ташаббусларни таклиф қилолмади. Хитой каби минтақада инфратузилма ва энергетикага миллиардлаб сармоя киритадиган кенг қамровли иқтисодий дастурлар йўқ эди. Америка ташаббусларига рақобат қила оладиган мустақил тинчликпарварлик режалари ҳам бўлмади. Маданият ёки таълим орқали таъсир кўрсатиш каби «юмшоқ куч» дастурлари ҳам йўқ эди. Москва Яқин Шарқ бозорига таклиф эта оладиган ягона маҳсулот — қурол-аслаҳа эди. Бироқ бу бозорда АҚШ аллақачон устунлик қиларди, Европа ва Хитой эса Россияга нисбатан кўпроқ рақобатчига айлана бошлаганди.

2005 йилда Путин Дамашқда таъсирини қайта тиклаш мақсадида Суриянинг совет иттифоқи давридан қолган қарзи — тахминан 10 миллиард доллардан кечди. У шунингдек, Жазоир ва Теҳрондан тортиб, Анқара ва Ар-Риёдгача бўлган бир қатор муҳим пойтахтларга шахсан ташриф буюриб, ҳамкорликни тиклашни таклиф қилди. Россия расман Исроил–Фаластин можаросини ҳал этиш бўйича ташкил этилган Яқин Шарқ «тўртлиги» таркибига ҳам кирди. Бироқ барча бу ҳаракатлар жуда чекланган самара берди. Ҳеч бир араб давлати Россияни АҚШ ўрнини босадиган куч ёки хавфсизликнинг янги кафолатчиси деб қабул қилмади. Кўп қутблилик ҳақидаги баёнотлар эса чиройли, аммо мазмундан холи шиорлар бўлиб қолаверди.

Москванинг Яқин Шарқдаги тобора сўниб бораётган таъсирига жиддий зарба — 2011 йилдаги «Араб баҳори» бўлди. Минтақани қамраб олган халқ қўзғолонлари ва тузумлар алмашинуви Кремлни тайёргарсиз ҳолда ушлаб олди. Путин Тунис, Миср, Яман ва Ливиядаги эски таниш автократ раҳбарлар шунчалик тез ағдарилиши мумкинлигини кутмаган эди. У Ғарб мамлакатларининг намойишчиларни қўллаб-қувватлаётганини хавотир билан кузатди ва бунда собиқ совет ҳудудидаги «рангли инқилоблар»даги ўхшашликларни ҳам кўрди.

Энг оғир шармандагарчилик эса Ливияда юз берди. Россия БМТ Хавфсизлик кенгашида овоз бериш пайтида бетараф қолиб, Ғарб давлатларига ҳарбий интервенция ўтказиш имконини берди. Бу интервенция Кремлга яқин бўлган Муаммар Қаззофий режимининг ағдарилишига сабаб бўлди. Кейинчалик Москва бу қароридан очиқ афсусланганини билдирган бўлса-да, воқеалар Россиянинг минтақадаги ташаббусни аллақачон йўқотганини, унинг бу ерда на таъсири ва на нуфузи қолганини кўрсатди. Бошқа глобал ўйинчилар Россияни фаол равишда бу минтақадан сиқиб чиқаришни бошлади.

Айнан шу шароитда Путиннинг Сурия урушида тўғридан тўғри ҳарбий аралашуви ҳақидаги қарори шакллана бошлади. 2015 йилга келиб Сурия Москва таъсирини сақлаб қолиши мумкин бўлган сўнгги нуқтага айланган эди. Собиқ совет иттифоқчиси Ҳафиз Асаднинг ўғли Башар Асад ўзига қаршилик кўрсатаётган мухолиф кучлар ва исломий гуруҳлар босими остида ағдарилиш арафасида турарди. 2015 йил сентябрда Россия Сурияга ўз экспедиция корпусини юборди ва постсовет давридаги Москва иштирок этган энг йирик ҳарбий операцияни бошлади.

Кремл нуқтайи назаридан бу фақат эски иттифоқчини қутқариш эмас, балки Россиянинг Яқин Шарқда катта ўйинчи сифатидаги қайта қайтиши ҳақида жаҳонга баланд овоз билан эълон бериш эди. Илк йилларда бу интервенция маълум даражада муваффақият сингари кўринди. Россия ҳаво-космик кучлари Асадга қарши гуруҳлар позицияларига оммавий зарбалар бериб, урушдаги вазиятни тубдан ўзгартирди. Россия маслаҳатчилари Сурия армияси амалиётларини режалаштиришни ўз зиммасига олди. 2017 йил охирига келиб ҳукумат кучлари Ҳалаб каби йирик шаҳарларни қайта эгаллади. Москва Дамашқ билан Ҳмеймимдаги авиабаза ва Тартусдаги денгиз базаси бўйича узоқ муддатли келишувлар тузди.

Аслида эса Суриядаги ҳарбий «зафар» вафтинчалик ғалабадан бошқа нарса эмаслиги маълум бўлди. Москва томонидан узоқ ва жуда ҳам қимматга тушган ҳарбий иштирок унинг минтақадаги барқарор сиёсий таъсирига айлана олмади. Ҳа, Россия шахсан Асадни қутқарди ва унинг Дамашқдаги содиқ тузумини сақлаб қолди, аммо у минтақада, ҳатто Сурия ичида ҳам халқаро миқёсда тан олинган воситачига айлана олмади.

Москва Эрон ва Туркия билан ҳамкорликда Остонада бошлаган тинчлик музокараларига ўхшаш муқобил жараён уюштиришга уриниб кўрди, лекин бу ташаббус жуда ночор натижалар берди ва охир-оқибат тўғри йўлдан оғишди. Жуда тез орада ташаббус Путиндан бошқалар қўлига ўтди. Туркия Суриянинг шимолида ўз қоидаларини ўрната бошлади, Эрон эса шиалар партизанлари орқали мамлакатдаги таъсирини мустаҳкамлади. АҚШ қўлловидаги БМТ эса ўзининг Женевадаги жараёнини изчил ва мунтазам давом эттирди, Путиннинг «Остона формати»га эса мутлақ эътибор қилмади.

Ушбу «ғалаба» Россия учун иқтисодий жиҳатдан ҳам ҳеч қандай ютуқ олиб келмади. Урушдан вайрон бўлган Сурия Россиядан қайта тикланишда жиддий ёрдам олмади ва Москва учун жиддий савдо ҳамкорига айлана олмади. Путин ҳатто инфратузилмани тиклаш бўйича тузилган тижорий шартномаларни ҳам россиялик қурилиш компанияларига беришга эриша олмади — тендерларни асосан Эрон ва Хитой компаниялари ютиб олди.

Натижада Суриядаги авантюра Россияни бошқа араб мамлакатлари учун янада камроқ жозибали ҳамкорга айлантирди. Асаднинг алавийлар тузумини қўллаб-қувватлаб, Москва минтақадаги сунний-шиа диний ихтилофида очиқ-ойдин шиалар томонида турди. Бу эса Саудия Арабистони, Қатар ва БАА каби сунний монархиялар учун Россия интервенциясини жиддий хавф сифатида кўрсатди. Чунки бу интервенция уларнинг қадимий душмани, Эроннинг иттифоқчиси Асадни қутқариб, Теҳроннинг мавқеини мустаҳкамлади. Бу мамлакатлар йиллаб Асадга қарши курашаётган мухолифатни молиялаштириб ва қуроллантириб келган, шу боис Россиянинг бу ҳаракатларини ўз манфаатларига тўғридан тўғри таҳдид сифатида қабул қилдилар.

2015–2016 йилларда Россиянинг Саудия Арабистони ва айрим Кўрфаз давлатлари билан муносабатлари кескин ёмонлашди. Ар-Риёд ҳатто Москва билан Сурия масаласидаги мулоқотдан бош тортди, биринчи навбатда Асадни қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб қилди. Миср ва Ўрдун (Иордания) формал бетарафликни сақлаган бўлса-да, улар ҳам Путинни арабларни ҳимоя қилувчи раҳбар сифатида кўрмай қўйишди — бу рол аслида СССРнинг анъанавий қиёфаси эди. Улар учун Путин кўпроқ ўз шахсий мақсадларини кўзлайдиган, Россия миллий манфаатларини эмас, шахсий амбицияларини илгари сурадиган маргинал-оппортунистдек туюларди.

Путин сабабли янги босқичга чиққан Сурия уруши Яқин Шарқни икки лагерга ажратди. Россия Теҳрон ҳамда Дамашқ билан бирга, араб дунёсидаги кўпчилик таъсирли давлатлардан қарши томонда қолди. Бу ҳолат Москва учун минтақадаги ҳаракат ва мулоқот имкониятларини янада чеклаб қўйди.

2020-йиллар бошига келиб, Россиянинг Яқин Шарқдаги маргиналлашув жараёни барча учун равшан бўлиб қолди. Минтақадаги барча асосий геосиёсий ўзгаришлар Москва иштирокисиз юз берди. 2020 йил сентябрида АҚШ воситачилигида тарихий «Иброҳим келишувлари» имзоланди — бу келишув Исроил ва бир қатор араб мамлакатлари (бошида БАА ва Баҳрайн, кейинчалик Марокаш ва Судан) ўртасидаги муносабатларни нормаллаштирди. Бу дипломатик бурилиш Яқин Шарқдаги урушлар тўғрисидаги кўплаб тасаввурларни ўзгартирди ва араб-исроил иттифоқининг янги даврини очди. Россия бу жараёнга ҳатто жалб ҳам қилинмади.

Бундан бир неча йил ўтиб, 2023 йил март ойида Хитой янги дипломатик рекорд ўрнатди — Пекин Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги ярашувга воситачи бўлиб, дипломатик алоқаларни тиклаш жараёнини ташкил қилди. Бу нарса Путиннинг ўнлаб йиллар давомида амалга ошира олмаган ишларини Хитойга бир неча ойда уддалаши эди. Саудия-Эрон келишуви нафақат янги кучли ўйинчининг вужудга келганини кўрсатди, балки эски ўйинчилар — авваламбор Россиянинг йўқолиб борган нуфузини ҳам намоён қилди.

Бу орада эса Украинадаги уруш вазиятни Москва учун янада оғирлаштирди. Формал жиҳатдан деярли барча араб давлатлари нейтрал позицияни эгаллади — ҳеч бири Россияга қарши санкция жорий қилмади ёки дипломатик муносабатларни узмади. Аммо уларнинг ҳеч бири Путинга очиқ қўллаб-қувватлаш ҳам кўрсатмади. Аксинча, араб элиталари Россия-Украина урушида жиддий хулоса чиқардилар: Кремл қўшни давлат суверенитетини бузгани каби, бошқа минтақаларда ҳам шундай йўл тутиши мумкин.

Қатар, БАА ва Саудия Арабистони каби бой Кўрфаз давлатлари Москвадан эҳтиёткорлик билан узоқлашишни бошлади. Улар Россия нефтни арзонлаштирилган нархларда харид қилиш каби иқтисодий алоқаларни сақлаган ҳолда, Хитой ва Ҳиндистон билан муносабатларни мустаҳкамлади, энг муҳими — Вашингтон билан тўғридан тўғри мулоқотни йўлга қўйишга эътибор қаратишди. Бунда Ғарб санкциялари Россиянинг сармоя киритиш ва савдо қилиш имкониятларини чеклаб қўйди, бу эса уни Яқин Шарқ давлатлари кўз ўнгида иқтисодий жиҳатдан умидсиз ҳамкорга айлантирди.

Нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти — OPEC+ доирасидаги муносабатлар ҳам фақат прагматик тусда бўлди, уларда иттифоқчилик руҳи кузатилмади. Саудия бир неча бор фақат ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилди ва Москва илтимосларини инобатга олмади. Шу тарзда Путин таъсири секин-аста сўна бошлади ва Украинадаги уруш Россиянинг минтақавий мавқеини тиклаш бўйича сўнги умидларини ҳам йўққа чиқарди.

2024 йилга келиб, Россиянинг Яқин Шарқдаги ягона реал активи — бу Суриядаги ҳарбий базалари ва сиёсий мавжудлиги эди. Аммо бу имконият ҳам кутилмаган ва аҳмоқона тарзда йўқотилди. 2024 йил охирида Башар Асад режими исломчилар босими остида ағдарилди. Россия ҳарбийлари унга ҳеч қандай ёрдам бермади. Қўзғолончиларнинг тезкор ҳужуми собиқ диктатор Асадни мамлакатни тарк этишга мажбур қилди.

Москва учун бу воқеа ҳақиқий геосиёсий шок бўлди. Асад ағдарилиши натижасида Россиянинг ўтган ўн йилда Сурияда қўлга киритган барча стратегик ютуқлари чиппакка чиқди. Путин араб дунёсидаги сўнги формал иттифоқчисини ҳам йўқотди. Ҳмеймим ва Тартусдаги Россия ҳарбий базаларининг келажаги ҳозирча ноаниқ, аммо маҳаллий ҳокимиятлар уларга аввалгидек имтиёзли шароит яратиб бермаслиги аллақачон равшан.

Бу ҳам етмаганидек, Асад режими қулаши Москва учун бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқарди. Исроил «Ҳизбуллоҳ» ва Эрон қўллаб-қувватлаётган жангариларга қарши зарбаларини кескин кучайтирди. Эрон эса Суриядаги муҳим таянч нуқтасини йўқотгач, янада кўпроқ Хитой томонга оғди ва ҳатто «қаршилик ўқи» деб аталмиш иттифоқда ҳам Россияни иккинчи даражали ролга қўйди.

Буларнинг барчаси битта хулосага олиб келади: 2025 йил иккинчи ярмига келиб, Россия Яқин Шарқда «похолдан ясалган  қўриқчи» — яъни перифериядаги ва аҳамияти паст бўлган ўйинчига айланди. Араб давлатлари Путин фикрини энди фақат шунчаки БМТ Хавфсизлик Кенгашида вето ҳуқуқи қолгани учунгина ҳисобга олади. Унинг Яқин Шарқдаги барча реал «кўзир»ларидан эса асар ҳам қолмади.

 

Дипломатларсиз дипломатия: Примаковдан Пригожингача

Нега Россиянинг Яқин Шарқдаги мавқеи бу қадар тез заифлашди? Бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири — малакали кадрларнинг ҳалокатли даражада етишмаслиги. Илгари кучли бўлган совет шарқшунослик мактаблари анча вақтдирки инқирозга учраган, Яқин Шарқ бўйича мутахассислар доираси эса кескин торайиб кетган. Ёш дипломатлар ва таҳлилчилар орасида араб тилини мукаммал биладиган, минтақа тарихи, дини ва маданиятидан чуқур хабардор, ижтимоий хусусиятларини ҳис қиладиган кадрлар деярли қолмаган.

Совет даврининг таниқли Яқин Шарқ мутахассислари саҳнадан кетган, уларнинг ўрнини эса муносиб кадрлар тўлдирмаган. Бу таназзулнинг характерли мисоли — 2011 йил воқеаларидир. «Араб баҳори» намойишлари тўлқини Россия шарқшуносларининг мутлақо тайёр эмаслигини ошкор қилиб қўйди. Халқ исёнлари улар учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Натижада, бош сабабларнинг чуқур таҳлили ўрнига, бу воқеаларни Ғарб империализми интригаси сифатида талқин қилишди.

Кадрлар танқислиги билан бир қаторда Россия ташқи сиёсати институционал пойдеворининг пароканда бўлиши кузатилди. Путин ҳукмронлиги даврида Ташқи ишлар вазирлиги қарор қабул қилишда мустақиллигини йўқотиб борди ва унга ташаббус кўрсатиш қобилияти деярли қолмади. Дипломатик лавозимларга тайинловлар асосан шахсий садоқатга қараб амалга оширилиб, профессионаллик эътибордан четда қолди. Тажриба ва билим сиёсий садоқат учун қурбон қилинавергач, бугунги элчилар, консуллар ва Яқин Шарқ бўйича махсус вакиллар савияси илгарги авлодга нисбатан анча тушиб кетган. Бу эса Россия дипломатияси Примаков даражасидан анча узоқлашганини англатади.

Дипломатик тил маданияти ҳам таназзулга юз тутди. Хорижий ҳамкорлар билан аввалги алоқа каналлари ё ниҳоятда сусайди ёки ё мутлақо узилди. Москванинг расмий оҳанги тобора совуқ уруш давридаги қолипларга ўхшаб бормоқда. Сўзлашув услубидаги қўполлик дипломатик назокатнинг йўқолиши билан уйғунлашди. Россия вакиллари, ҳатто БМТда ҳам, дипломатик нутқ ўрнига бозорчи хотинларга хос агрессив иборалар қўллашмоқда.

Бундан ташқари, сўнгги ўн йилликларда Россия Ташқи ишлар вазирлиги ташқи сиёсат юритишдаги монополиясини босқичма-босқич йўқотди. Путин даврида деярли ҳар қандай шахс «дипломат»га айланиши мумкин бўлди — бу жумладан, мусулмон бирлигига таянувчи Чеченистон етакчиси Рамзан Қодировнинг яқинларидан тортиб ёки Евгений Пригожинга қарашли ёлланма ҳарбий жиноятчиларга ҳам тааллуқли. Улар фаолияти махсус хизматлар орқали бошқарилган ва натижада профессионал дипломатлар орқа сафларга суриб қўйилди. Пировард натижада Яқин Шарқдаги ҳукуматлар билан анъанавий мулоқот каналлари ниҳоятда фалажландики, институтлар салоҳияти эса зарурат бўлмагани учун қийматини йўқотди.

Ниҳоят, Россия ташқи сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнининг ўзи ҳам таназзулга учраганини айтиш керак. Айниқса, бу Яқин Шарқ сиёсатида яққол намоён бўлди. Путин даврида асосий қарорларни чиқариш кучли тарзда шахсларга боғлиқ тарзда амалга оширилмоқда. Бугун уни барча институционал механизмларни четга йиғиштириб, президент бошчилигидаги тор шахслар доираси қабул қилмоқда. Порда ортидаги алоқалар ва ошкор этилмайдиган келишувлар аввалги очиқ дипломатия ва профессионал экспертиза ўрнини эгаллади. Қарорлар доимо шахсий муносабатлар ва мхфий шахсий битимлар асосида қабул қилинади. Масалан, Владимир Путиннинг Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ёки Миср президенти билан шахсий алоқалари анчадан буён ушбу давлатлар билан барча даражаларда тизимли ишлашни бутунлай алмаштирган.

 

Иллюзиялар интиҳоси: Кремл таъсирининг Яқин Шарқдаги ботиши

Илк Россия-Араб саммити учун пухта тайёрланган, бироқ ўтказилмай қолган Кремлнинг бўш заллари Владимир Путиннинг Яқин Шарқдаги бутун сиёсатига айниқса ёрқин метафорага айланди. Бу фақатгина дипломатик мағлубият эмас, балки бутун бир даврнинг якунланганини кўрсатувчи очиқ аломат бўлди. Бу даврда Москва ҳали ҳам Яқин Шарқда таъсирли ўйинчи сифатида намоён бўлишга ҳаракат қилар, араб раҳбарлари эса ҳурмат ёки эҳтиёткорлик юзасидан унинг фикрини эътиборга олаётгандек кўринарди. Кремл ички аудиторияси учун асрашга ва етказишга уриладиган иллюзиялар даври. Бу давр 2025 йил 10 октябр куни жимгина, кенг жамоатчилик учун деярли сезилмас ҳолда, бироқ минтақавий сиёсатни кузатиб борадиганлар учун мутлақ равшан тарзда якун топди.

Бу — Россиянинг Яқин Шарқдаги йигирма йиллик таъсири деградацияга учраш жараёнининг табиий оқибати эди. Путин ҳукмронлиги йилларида Россия ўзини йўқтилган совет меросини қайта тиклашдек дадил амбициялардан тортиб, ҳозирги тўлиқ инкор этилувчси ҳолигача олиб борди. Бу таназзулнинг сабаблари эса ташқи душманона кучларда эмас, балки йиллар давомида ич-ичидан емирилиб борган Россия ташқи сиёсат механизмлари ичидаги нуқсонли тизимнинг ўзида мужассам. Тизимли коррупция, профессионал кадрлар танқислиги, узвий стратегия ва минтақани чуқур таҳлил қилиш қобилиятининг йўқлиги — булар бир пайтлар дунёдаги энг нуфузли Яқин Шарқ ва арабшунослик мактабларидан бири бўлган тизимни тўлиқ деградациясига олиб келди. Бундай шароитда Москванинг ҳар қандай ташқи сиёсат ташаббуслари аввал бошданоқ мағлубиятга маҳкум эди.

Бундай вазият учун тўғридан тўғри шахсан Путиннинг ўзи масъул. Унинг Яқин Шарқдаги мағлубияти якка ҳолат ҳам, охиргиси ҳам эмас. Бу воқеа Россиянинг халқаро майдондаги умумий таназзулига мантиқан мос келадиган яна бир манзарадир. Чунки ҳатто Россиянинг анъанавий тарзда мутлақ таъсир ҳудуди ҳисобланиб келган собиқ совет давлатларида ҳам Москва сўнгги таъсир воситаларини тез суръатда йўқотмоқда. Қайси минтақага назар ташланмасин — Путин ташқи сиёсати модели барча жойда ўз барқарорлигини шиддат билан йўқотмоқда. Бу эса чуқур структуравий қўзғалиш бўлиб, Путин Россиясининг ташқи сиёсатдаги таназзулини бир неча йилларга муҳрлаб қўйиши аниқ.