Фаластин президенти Маҳмуд Аббос миллий конституциянинг дастлабки лойиҳасини тайёрлаш ҳақида кўрсатма берди. Бу маълумотни унинг махсус вакили Муҳаммад Штае етказди, деб хабар қилмоқда ТАСС ахборот агентлиги.
“Президент бизга Фаластин конституциясининг биринчи лойиҳасини якунлаш учун уч ой вақт берди. Энди биз Фаластин мухториятини Фаластин давлатига айлантирамиз”, – деди у.
Бундан ташқари, Фаластин президентининг махсус вакили ва мамлакатнинг собиқ бош вазири Муҳаммад Штайе Ғазо секторидаги вазиятга изоҳ берар экан, сулҳ бошланганига қарамай, у ҳали ҳам беқарор бўлиб қолаётганини айтди.
“Сизга маълумки, ярашувга эришилганидан жуда хурсандмиз ва умид қиламизки, у барқарор бўлади. Вазият, айтишим керакки, ҳамон беқарорлигича қолмоқда”, – деди у.
Элчининг сўзларига кўра, озиқ-овқат ёрдами ҳали Ғазога тўлиқ етказилмаган. Бундан ташқари, Ғазога киришнинг барча йўллари ҳали очилмаган. “Улар қисман очиқ, хусусан, Рафаҳ чегара пункти фақат бугун эрталаб очилди”, – дея қўшимча қилди Штае.
Аввалроқ, 13 октябр куни АҚШ Президенти Доналд Трамп Исроил парламентидаги чиқиши чоғида Ғазодаги можаро тугаганини эълон қилганди. 9 октябрь куни у Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш режасининг биринчи босқичи бўйича келишувларни имзолаганини маълум қилди.
Сентябр ойида бир қанча давлатлар Фаластин давлатчилигини тан олди. Буни Португалия, Канада, Австралия, Буюк Британия, Белгия, Люксембург, Малта, Андорра ва Монако амалга оширди.
Франция Президенти Эммануэл Макрон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарида Фаластин мустақиллигини тан олганини эълон қилди.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазода гаровга олинганларни қутқариш учун “барча мамлакатларда” кўчаларда рақсга тушишаётганини айтганди.