ЖССТ: антибиотиклар бактерияларга қарши самарасини йўқотмоқда

15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Дунё бўйлаб бактерияларнинг антибиотикларга чидамлилиги йил сайин ортиб, дори воситаларининг самарадорлиги пасаймоқда.

Antibiotik

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан эълон қилинган сўнгги ҳисоботда антибиотикларга чидамлилик муаммоси глобал даражада кескинлашиб бораётгани қайд этилди. Ташкилот маълумотларига кўра, инфекцияларнинг дори воситаларига чидамлилиги ҳар йили ўртача 5–15 фоизга ошиб бормоқда. Бу эса антибактериал препаратларнинг ортиқча ёки нотўғри қўлланилиши билан боғлиқ ҳолда ривожланмоқда.

Тадқиқот натижаларига кўра, E.coli бактерияларининг 40 фоизи, Klebsiella pneumoniae турининг эса 55 фоизидан ортиғи ҳозирда пешоб йўллари, қон ва овқат ҳазм қилиш тизими касалликларини даволашда кенг ишлатиладиган антибиотикларга чидамли бўлиб қолган. Айрим инфекциялар эса мавжуд барча турдаги антибиотикларга қаршилик кўрсатмоқда.

ЖССТ маълумотларига кўра, салмонелла, олтин стафилококк ва E.coli бактериялари туфайли ҳар йили миллионлаб одамлар ҳаётдан кўз юммоқда. 2021 йилда антибиотикларга чидамли бактериялар сабаб қарийб 8 миллион киши вафот этгани қайд этилган.

ЖССТ вакили Силвия Бертанолионинг таъкидлашича, вазият жаҳон соғлиқни сақлаш тизими учун жиддий хавф туғдира бошлаган. Унинг фикрича, бу ҳолат антибиотиклардан масъулиятсиз фойдаланиш ва ўзбошимчалик билан дори қабул қилиш оқибатида кучайган.

Ҳисоботда янги авлод антибиотикларини яратиш бўйича илмий изланишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, мавжуд воситаларни фақат зарур ҳолларда қўллаш орқали бактериялар чидамлилигининг ўсишини секинлаштириш мумкинлиги қайд этилган.