Қарор «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддаси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра айрим тоифадаги фуқароларга пенсияни умумий белгиланган ёшдан олдин олиш ҳуқуқи берилади.
Ёшидан қатъи назар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлганлар қаторига кончилик саноатида 20 йилдан зиёд меҳнат қилган ходимлар, фойдали қазилмаларни ер ости ёки очиқ конларда 25 йил ишлаганлар, учувчилар ва синовчи-учувчилар (эркаклар 25 йил, аёллар 20 йил стаж билан), театр ва томоша муассасалари артистларининг айрим тоифалари (20–30 йил ижодий стажга эга бўлганлар), шунингдек, 20 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга спортчилар киради.
Бундан ташқари, уруш ногиронлари, болаликдан ногирон фарзанди бор оналар, лилипут ва паканалар ҳам имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга этиб белгиланган.
Қарор билан бирга, имтиёзли пенсия рўйхатига янги касблар ёки ишлаб чиқариш турларини киритиш учун ягона талабларни белгилайдиган низом ҳам тасдиқланди. Корхоналар томонидан киритиладиган бундай таклифлар иш шароитлари ва жароҳат хавфининг аттестация натижалари асосида кўриб чиқилади.