Математика олимпиадаси саволлари тарқалгани сабабли туман босқичи қайта ўтказилади

12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Саволлари тарқалиб кетгани ортидан масъул ходимлар жавобгарликка тортилиши айтилмоқда. Бу бўйича Ихтисослашган таълим муассасалари агентлиги расмий муносабат билдирди.

Matem

Ижтимоий тармоқларда математика фанидан Асосий олимпиаданинг туман (шаҳар) босқичи саволлари тарқатилгани ҳақидаги хабарлар тарқалиб, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган эди. Бу ҳолат бўйича Ихтисослашган таълим муассасалари агентлиги расмий муносабат билдирди.

Маълумотга кўра, айни пайтда ҳолат юзасидан тегишли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Олимпиадаларда адолатни таъминлаш мақсадида жорий йилги туман босқичи ҳар бир синф кесимида (9-, 10-, 11-синфлар) қайта ўтказилади.

Агентлик маълумот беришича, фан олимпиадалари учун саволлар Республика Фан олимпиадалари маркази томонидан тузилган бўлиб, улар ҳудудлардаги Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларида ташкил этилган штабларда чоп этилган. Бироқ айрим масъул ходимлар ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани, адолатни таъминламагани сабабли материаллар тарқалган.

«Ҳозирда бу ҳолатга сабабчи шахслар аниқланмоқда ва улар амалдаги қонунчилик доирасида жавобгарликка тортилади», — дейилади агентлик баёнотида.

Фан олимпиадалари маркази таъкидлаганидек, ташкилот барча босқичларда жараёнларнинг шаффоф, адолатли ва холис ўтиши тарафдори ҳисобланади. Шу муносабат билан, олимпиада саволлари ёки жавоблари пул эвазига таклиф этилса, ёки таниш-билишчилик асосида таъсир кўрсатиш ҳолатлари кузатилса, бу ҳақда марказнинг махсус Телеграм-боти ёки ишонч телефони орқали хабар бериш сўралган.

Агентлик таъкидлашича, олимпиадаларнинг нуфузини сақлаш ва барча иштирокчилар учун тенг шароит яратиш — бош мақсад ҳисобланади.