МДҲ давлатларининг разведка ва хавфсизлик хизмати раҳбарлари Самарқандда йиғилади

17:30 | 3 дақиқада ўқилади.

16–17 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида МДҲ давлатлари хавфсизлик ва махсус хизматлари раҳбарларининг навбатдаги мажлислари бўлиб ўтади. Анжуманда минтақавий хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш масалалари муҳокама қилинади.

Mdx

2025 йил 16–17 октябр кунлари Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 57-мажлиси ҳамда разведка хизматлари раҳбарларининг 21-мажлиси бўлиб ўтади. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Анжуманда Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон махсус хизматлари раҳбарлари иштирок этади. Шунингдек, йиғилишларда МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲ Аксилтеррор маркази вакиллари ҳам қатнашади.

Йиғилишларнинг асосий мақсади — Ҳамдўстлик маконида хавфсизликни таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши самарали ҳамкорликни кучайтириш, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва ахборот хавфсизлиги соҳасидаги таҳдидларга қарши чоралар кўришдан иборат. Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасини чеклаш масалалари ҳам муҳокама қилинади.

Тадбирлар давомида иштирокчи давлатлар делегациялари замонавий хавф-хатарларга қарши биргаликдаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳамда ахборот алмашинувини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашадилар.

Музокаралар якунида делегация раҳбарлари минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш бўйича янги вазифалар ва ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олиши кутилмоқда.

МДҲ хавфсизлик тузилмалари ўртасидаги бу каби анжуманлар ҳар йили навбатма-навбат аъзо давлатлар ҳудудида ўтказилиб, жиноятчиликка қарши курашда маълумот алмашиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.