Назоратдаги хизмат итлари, саволлари тарқалиб кетган олимпиада ва узоқ умр кўраётгани айтилган ўзбеклар — 15 октябр дайжести

22:04 | 9 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest 15

Ўзбекистонда иш берувчилар учун дипломми ёки тажриба — қайси муҳимроқ?

Ўзбекистонда иш берувчиларнинг ярми номзодлардаги амалий тажрибани дипломдан устун қўяди. hh.uz платформаси 100 дан ортиқ компаниялар ўртасида ўтказган сўров натижасида, иш берувчиларнинг 47 фоизи иш тажрибаси ва кўникмаларни асосий мезон сифатида белгилагани маълум бўлди. Айрим соҳаларда, хусусан, IT ва инженерлик йўналишларида тажриба муҳим бўлса, таълим ёки ҳуқуқ соҳасида ҳали ҳам диплом асосий талаб сифатида сақланмоқда.

Сўров иштирокчиларининг 34 фоизи битирув ҳужжатисиз, аммо малака ошириш курсларини тугаллаган мутахассисларни ишга қабул қилишга тайёр эканини билдирган. Бу меҳнат бозорида назариядан кўра амалиётга таянган, натижа кўрсата оладиган кадрларга талаб ортиб бораётганини кўрсатади. hh.uz маълумотларига кўра, 2025 йилнинг учинчи чорагида ўртача маошлар 4,36 млн сўмни ташкил этган — бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кам.

 

Тошкент шаҳридаги жамоат жойларида хизмат итлари ёрдамида назорат кучайтирилди

Тошкентда жамоат жойларида хизмат итлари иштирокида назорат кучайтирилди. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан қабул қилинган қўшма қарорга мувофиқ, хиёбонлар, истироҳат боғлари ва бозорларда наркотик ҳамда психотроп моддалар ноқонуний айланмасининг олдини олиш бўйича патрул нарядлари тажриба-синов асосида фаолият бошлади.

Кинология бўлими ходимлари Toshkent City Mall, City Park, Dream Park ва Magic City каби жойларда хизмат итлари билан биргаликда жиноятларнинг олдини олиш ва жамоат тартибини таъминлашни кучайтирмоқда. Итлар наркотик воситаларни аниқлаш, ҳужум ҳолатларига жавоб қайтариш ва яширинган шахсларни топиш учун махсус тайёргарликдан ўтган. Ҳарорат +30°C дан юқори ёки +1°C дан паст бўлган ҳолатларда патрул вақти тўрт соатдан ошмаслиги белгиланган.

 

Математика олимпиадаси саволлари тарқалгани сабабли туман босқичи қайта ўтказилади

Ижтимоий тармоқларда математика фанидан Асосий олимпиаданинг туман (шаҳар) босқичи саволлари тарқатилгани ҳақидаги хабарлар тарқалиб, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган эди. Бу ҳолат бўйича Ихтисослашган таълим муассасалари агентлиги расмий муносабат билдирди.

Маълумотга кўра, айни пайтда ҳолат юзасидан тегишли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Олимпиадаларда адолатни таъминлаш мақсадида жорий йилги туман босқичи ҳар бир синф кесимида (9-, 10-, 11-синфлар) қайта ўтказилади.

Агентлик маълумот беришича, фан олимпиадалари учун саволлар Республика Фан олимпиадалари маркази томонидан тузилган бўлиб, улар ҳудудлардаги Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларида ташкил этилган штабларда чоп этилган. Бироқ айрим масъул ходимлар ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани, адолатни таъминламагани сабабли материаллар тарқалган.

«Ҳозирда бу ҳолатга сабабчи шахслар аниқланмоқда ва улар амалдаги қонунчилик доирасида жавобгарликка тортилади», — дейилади агентлик баёнотида.

 

Ўзбекистонда пенсия олувчилар сони 4,2 миллион нафарга етди

Ўзбекистонда пенсия олувчилар сони 4,2 миллион нафардан ошди. Пенсия жамғармаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 октябр ҳолатига мамлакат бўйлаб жами 4 миллион 241,8 минг фуқаро нафақа олувчи сифатида қайд этилган. Улардан 3,5 миллиони ёшга доир пенсия, 482 минг нафари ногиронлик, 245,6 минг оила эса боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олади. Энг кўп пенсия олувчилар Фарғона, Самарқанд ва Тошкент ҳудудларида қайд этилган, энг ками эса Сирдарё вилоятида.

Пенсия тўловлари тизими рақамлаштирилиб, Face-ID орқали биометрик идентификация усулида амалга оширилмоқда. Бу жараён нафақа тўловларини шаффоф ва қулай қилишга қаратилган. Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси бу тизим орқали пенсия олувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистонда узоқ умр кўрувчилар сони йил сайин ортиб бормоқда

Ўзбекистонда узоқ умр кўрувчилар сони йил сайин ортиб бормоқда. «Оила ва гендер» институти маълумотларига кўра, 2025 йил бошига 90 ёш ва ундан катта аҳоли сони 18,9 минг нафарга етган, уларнинг учдан икки қисми аёллардир. Энг кўп узоқ умр кўрувчилар Фарғона, Тошкент ва Қашқадарё ҳудудларида яшайди. Мутахассислар бу ўсишни 1935–1950 йилларда туғилган авлоднинг узоқ умр кўрувчи ёшга кириши билан изоҳламоқда.

Демографик прогнозларга кўра, 2030 йилда узоқ умр кўрувчилар сони 44 минг, 2040 йилда эса 94 минг нафардан ошиб кетиши кутилмоқда. Ўзбекистонда умр кўриш давомийлиги ҳам ўсиб, 2024 йилда 75,1 йилни ташкил этган. Тадқиқотларга кўра, узоқ умр кўришда фаол ҳаёт тарзи, ижтимоий фаоллик ва барқарор оила муҳити ҳал қилувчи омиллардан ҳисобланади.