Qazaq Air авиакомпанияси маълумотига кўра, 7 ноябрдан бошлаб Самарқандга (жума ва якшанба кунлари), 10 ноябрдан эса Бишкекка (душанба ва пайшанба кунлари) парвозлар амалга оширилади. Рейслар ҳафтасига икки марта бажарилади.
Остонадан учиш соат 10:30 да, Самарқандга етиб келиш 13:30 да белгиланган. Қайтиш йўналишда Самарқанддан парвоз соат 14:20 да амалга оширилиб, Остонага 17:25 да етиб келинади.
Qazaq Air бошқаруви раиси Адилбек Умралиевнинг таъкидлашича, янги ҳаво йўналишлари йўловчилар учун қулайлик яратиб, минтақадаги ишбилармонлик, туризм ва маданий ҳамкорликни ривожлантиради. Унинг сўзларига кўра, бу рейслар нафақат тадбиркорлар, балки талабалар ва сайёҳлар учун ҳам янги имкониятлар очади.
Qazaq Air 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, 2018 йилдан халқаро IOSA хавфсизлик стандарти сертификатига эга. Компанияни уч марта сотишга уринишган, 2024 йилда эса Ветнамнинг SOVICO Group компанияси томонидан харид қилинган.
Битим шартларига кўра, харидор компаниянинг 38 миллиард тенгелик қарзини қоплаши ва беш йил ичида камида 20 та янги самолёт етказиб бериши лозим. Qazaq Air умумий қиймати 10 миллиард тенгега (тахминан 21,7 миллион доллар) баҳоланган.