Ўзбекистонда иш берувчилар учун дипломми ёки тажриба — қайси муҳимроқ?

10:14 | 4 дақиқада ўқилади.

hh.uz платформаси 100 дан ортиқ компаниялар иштирокида ўтказган сўровда аниқланишича, Ўзбекистонда иш берувчиларнинг қарийб ярми номзоддаги амалиёт ва тажрибани олий маълумотдан устун қўяди.

Diplom

Ўзбекистон меҳнат бозорида сўнгги йилларда ишга қабул қилиш жараёнида назарий билимлардан кўра амалий кўникмаларга каттароқ аҳамият берила бошланди. hh.uz иш қидириш платформаси ўтказган сўровда 100 дан зиёд маҳаллий компания ва ташкилотлар иштирок этди.

Натижаларга кўра, иш берувчиларнинг 47 фоизи амалиётни дипломдан муҳим деб ҳисоблайди. Яъни улар учун номзоднинг иш тажрибаси, лойиҳаларда иштирок этгани ёки муайян соҳада кўникмага эга бўлиши асосий мезонга айланган.

Шу билан бирга, сўров иштирокчиларининг 55 фоизи қарорни лавозим турига қараб қабул қилишини билдирган: айрим соҳаларда назария муҳим бўлса, бошқаларида амалиёт устун аҳамият касб этади. Масалан, инженерлик ёки IT соҳасида тажриба биринчи ўринда туради, таълим ёки ҳуқуқ соҳасида эса диплом асосий талаб сифатида қолмоқда.

Битирув ҳужжатисиз, аммо малака ошириш курсларини тугаллаган номзодларга нисбатан муносабат ҳам ўзгармоқда. Иш берувчиларнинг 34 фоизи бундай мутахассисларни ишга қабул қилишга тайёр эканини, 31 фоизи эса уларни бошланғич лавозимлар учун муносиб деб ҳисоблайди. Фақат 2 фоиз компаниялар дипломни мутлақо зарур деб билади.

Кўникмаларни баҳолашда энг кенг қўлланиладиган усуллар — интервю жараёни (65 фоиз), реал иш ҳолатларини таҳлил қилиш (46 фоиз) ва синов вазифалари (36 фоиз) ҳисобланади. Иш берувчиларнинг 62 фоизи диплом фақат айрим касблар учун муҳимлигини таъкидлаган, 23 фоизи эса тўлиқ кўникма асосида ишга қабул қилиш тизимига ўтишни кутмоқда.

Шу тариқа, Ўзбекистондаги иш бозорида назариядан кўра амалиётга таянган, натижа кўрсата оладиган мутахассисларга талаб ортиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, hh.uz маълумотларига кўра, 2025 йилнинг учинчи чорагида мамлакат бўйлаб таклиф этилаётган маошлар ўртача 4,36 млн сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 20 фоизга камайган.