Жорий йил 1 октябр ҳолатига мамлакат бўйлаб жами 4 миллион 241,8 минг нафар фуқаро пенсия олади. Улардан 3 миллион 514,1 минг нафари ёшга доир пенсия, 482,1 минг нафар киши ногиронлик пенсияси, 245,6 минг нафар оила эса боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олади.
Ҳудудлар кесимида энг кўп пенсия олувчилар Фарғона вилоятида қайд этилган — 500,8 минг нафар. Кейингилар қаторидан Самарқанд вилояти (451,6 минг нафар), Тошкент шаҳри (380,4 минг нафар) ва Тошкент вилояти (383,1 минг нафар) жой олган.
Андижон вилоятида 399 минг, Наманганда 333,2 минг, Қорақалпоғистонда 226,7 минг, Хоразмда 235,4 минг, Бухорода 268,6 минг, Сурхондарёда 285,2 минг, Қашқадарёда 381,4 минг, Жиззахда 145,2 минг ва Навоий вилоятида 142,1 минг нафар пенсия олувчи бор.
Энг кам пенсия олувчилар Сирдарё вилоятида кузатилган — 108,9 минг нафар. Умуман олганда, ҳудудлардаги демографик ҳолат ва меҳнат бозоридаги фарқлар пенсия олувчилар сонига таъсир кўрсатмоқда.
Пенсия тўловларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш ишлари давом этмоқда. Бу жараён нафақа олувчиларга қулайлик яратиш ҳамда тўлов тизимининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, октябрдан бошлаб пенсияларни нақд шаклда олиш жараёни фуқароларнинг Face-ID орқали биометрик идентификацияси билан берилмоқда.