«Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти маълумотларига кўра, 2025 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистонда 90 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқаролар сони 18 915 нафарни ташкил этган. Улардан 56,5 фоизи шаҳар жойларида, 43,5 фоизи эса қишлоқ ҳудудларида яшайди.
Узоқ умр кўрувчиларнинг аксарият қисми — 66,3 фоизи аёллар, 34,6 фоизи эса эркаклардир. Бу кўрсаткич Ўзбекистонда аёллар умр кўриш давомийлиги юқори эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Ҳудудлар кесимида энг кўп узоқ умр кўрувчилар Фарғона вилоятида (2 582 нафар), Тошкент шаҳрида (2 155 нафар), Қашқадарёда (2 011 нафар), Сурхондарёда (1 799 нафар) ва Тошкент вилоятида (1 740 нафар) қайд этилган.
Демографик прогнозларга кўра, яқин ўн йилликда мамлакатда узоқ умр кўрувчилар сони мунтазам ўсиб боради. 2030 йилда уларнинг сони 44 минг нафарга, 2040 йилда эса қарийб 94 минг нафарга етиши кутилмоқда. Мутахассислар бу ўсишни 1935–1950 йилларда туғилган, туғилиш даражаси юқори бўлган авлоднинг узоқ умр кўрувчи ёшга кириши билан изоҳламоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда умр кўриш давомийлиги ҳам ортиб бормоқда: агар 2010 йилда туғилишда кутилаётган ҳаёт давомийлиги 73 йилни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 75,1 йилга етди.
«Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти тадқиқотларига кўра, узоқ умр кўришдаги асосий ижтимоий омил — фаол ҳаёт тарзидир. Респондентларнинг 76,3 фоизи ижтимоий фаоллик инсонни жисмонан ва руҳан соғлом сақлашини таъкидлаган. Шунингдек, 38,8 фоизи узоқ умрни генетик омиллар билан боғлаган.
Мутахассислар таъкидлашича, Ўзбекистонда узоқ умр кўрувчилар сонининг ортиши соғлом турмуш тарзи, ижтимоий фаоллик ва барқарор оилавий муҳитнинг натижасидир.