6 октябрдан бошлаб Россиянинг Ахборот технологиялари ва рақамли ривожланиш вазирлиги «совиш даври» (период охлаждения) номли тизимни жорий этди — бу вақт мобайнида хорижий SIM-карталар Россия тармоқларига уланганидан кейин маълумот узатиш ва SMS қабул қилиш вақтинча чекланади. Бу чекловлар Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар абонентларига ҳам тааллуқли бўлиб, кўплаб фойдаланувчилар хизматлардаги узилишлардан норози бўлмоқда.
Чора дронлардан фойдаланиш имкониятларини қисқартириш ва миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга оширилгани айтилмоқда.
«Узбектелеком» (Uzmobile) компанияси ушбу вазият ҳақида биринчи бўлиб маълум қилди ва Россияга сафарни режалаштираётган фуқароларни хизматлардаги вақтинча чекловларни ҳисобга олишга чақирди. Шунингдек, Beeline, Ucell ва Mobiuz операторлари ҳам ўз абонентларини расман огоҳлантирди.
Роумингда овозли қўнғироқлар (қабул қилиш ва йўллаш) чекланмаган ҳолда фаолият кўрсатмоқда. Бироқ кўплаб банк иловалари ва онлайн хизматлар SMS орқали тасдиқ талаб қиладигани сабабли, абонентлар транзакцияларни амалга оширишда қийинчиликка дуч келмоқда.
Беларус алоқа вазирлиги маълумотига кўра, «совиш даври» 24 соат давом этиши лозим. Аммо фойдаланувчилар хабар беришича, айрим ҳолларда чекловлар бу муддатдан кейин ҳам сақланиб қолмоқда. «Коммерсантъ» манбасига кўра, айрим операторлар таймерни фақат қисман жорий этган ва баъзиларда блокировка SIM-карта Россияда бўлган даврнинг бутунича амал қилмоқда.
Мутахассислар тизимни тўлиқ мослаштириш учун камида уч-тўрт ҳафта вақт кераклигини таъкидламоқда. Россиянинг йирик операторлари — МТС, МегаФон, Вымпелком ва Т2 бу ҳолатга изоҳ бермаган.