Словакия ўзбекистонликлар учун миллий виза бериш тартибини енгиллаштириши мумкин

08:22 | 3 дақиқада ўқилади.

Братиславада бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ташқи ишлар вазирликлари виза тартибини соддалаштириш, меҳнат миграцияси ва консуллик ҳамкорлигини муҳокама қилди. Словакия аризаларни кўриб чиқиш муддатини 1 ойга қисқартириши мумкин.

Slovakia visa

Словакия Республикаси ўзбекистонлик фуқаролар учун миллий визаларни бериш тартибини енгиллаштириши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Dunyo нашри маълум қилди.

Братислава шаҳрида икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида илк консуллик маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди. Суҳбатда томонлар виза тартибини соддалаштириш, меҳнат миграциясини ривожлантириш ва консуллик маълумотлари билан ўзаро алмашиш масалаларини муҳокама қилди.

Музокаралар якунида Словакия томони миллий визаларни бериш тартибини енгиллаштириш ҳамда аризаларни кўриб чиқиш муддатини 3 ойдан 1 ойгача қисқартириш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Бу қарор икки давлат ўртасидаги инсонлар алмашинувини ва ишчи миграция жараёнларини фаоллаштириши кутилмоқда.

Шунингдек, томонлар Словакия миграция агентлигини ўзбекистонлик ишчи мигрантларни Volvo заводида ишга жалб этиш режалари ҳақида хабардор қилиш, шунингдек, улар учун словак тили курсларини ташкил этиш масаласида келишиб олди.

Муҳокамалар доирасида икки давлатнинг тегишли идоралари меҳнат миграцияси, реадмиссия ва аҳоли мобильлигини тартибга солиш бўйича икки томонлама битимлар устида иш олиб бориши маълум қилинди.

Маълумот учун, жорий йил март ойида Словакия миграция агентлиги америкалик Manpower Group’нинг Slovakia бўлими билан ҳамкорлик келишувини имзолаган эди. Компания ҳозирда Volkswagen, Peugeot, Volvo ва Jaguar Slovakia автозаводларига ишчи кучини етказиб бермоқда.

Аввалроқ Черногория ҳукумати мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнида виза сиёсатини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон, Арманистон ва Миср фуқаролари учун вақтинчалик визасиз тартибни бекор қилгани ҳақида хабар берган эдик.