The Guardian 2008 йилги энг иқтидорли футболчиларни эълон қилди

18:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Буюк Британиянинг The Guardian нашри 2008 йилда туғилган энг истиқболли 60 ёш футболчининг номини очиқлади. Улар орасида Ўзбекистонлик ёш ҳужумчи Садриддин Ҳасанов ҳам бор.

Sadriddin xasanov

The Guardian ҳар йили ёш авлод футболига бағишланган анъанавий лойиҳаси доирасида 2008 йилда туғилган энг иқтидорли 60 футболчидан иборат рўйхатни эълон қилди. Бу йилги танловда МДҲ мамлакатларидан уч нафар ёш истеъдодли футболчи эътироф этилди.

Ўзбекистон шарафини Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби ҳужумчиси Садриддин Ҳасанов ҳимоя қилади. У мамлакат футболидаги энг ёш ва истиқболли ҳужумчилардан бири сифатида қайд этилган. Шунингдек, Қозоғистоннинг «Қайрат» жамоаси ҳужумчиси Дастан Сатпаев ҳамда Грузиянинг «Динамо» (Тбилиси) клуби ҳимоячиси Саба Харебашвили ҳам рўйхатга киритилган.

Нашр таъкидлашича, бу футболчилар ўз мамлакатларида ўсиб келаётган янги авлод спортчилари бўлиб, уларнинг келажакда Европанинг етакчи клубларида ўйнаши кутилмоқда.

Рўйхатда шунингдек, «Барселона»нинг ёш иқтидорлари Тони Фернандес ва Нико Гилен, «Боруссия Дортмунд» ҳужумчиси Самуэл Инасио, «Бавария» ярим ҳимоячиси Карл Леннарт ҳамда «ПСЖ» форварди Ибрагим Мбайе ҳам бор.

17 ёшли Ибрагим Мбайе жорий мавсумда «Пари Сен-Жермен» сафида турли мусобақаларда тўққиз марта майдонга тушган. У Чемпионлар лигасининг 2-турида «Барселона»га қарши баҳсда асосий таркибда ўйнаган.

2008 йилда туғилган энг иқтидорли футболчиларнинг тўлиқ рўйхати билан The Guardian сайтида танишиш мумкин (https://www.theguardian.com/football/ng-interactive/2025/oct/14/next-generation-2025-60-of-the-best-young-talents-in-world-football).