Қумқўрғон ҳокими одамларни пахта териб, қишга таппи-тезак ғамлашга чақирди

16:30 | 6 дақиқада ўқилади.

У одамларни таппи қилмай қўйганликда айблади. Аммо ҳоким айтгандек, қишлоқларда одамлар таппи қилишмаяптими?

Anvar normamatov

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов ҳозир Ўзбекистонда одамлар тезак қилмай қўйгани, ҳамма «газ-газ» деб қолганини айтиб, одамларни пахта теришга, таппи қилишга даъват этиш кераклигини айтди. У бу ҳақда маҳаллий кенгаш сессиясидаги нутқида сўз очди.

«Мана оддий бир тезак. Ҳеч ким тезак қилмайди. Тезак қилиб, уйларда чалмаларни босиб қўйиб, қишда қор ёғганда иккита ташлаб қўйиб ўтирган-ку шу нарсани. Нима энди фақат газ, газ деб қолдик? Газни ҳам тўғри тушунинг, сизлар мана шу туманнинг олий органи бўлганларингиз учун айтяпман, газнинг таги бўлса қани, таги йўқ-да, шу», — деди Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов.

Шунингдек, ҳоким пахта терими мавсумида одамлар пахта териб, оилавий даромад топиб, турмуш шароитини яхшилаш имконига эга эканини таъкидлади.

«Масалан, ҳозир мана пахта йиғим-терими бўляпти. [Авваллари]  уч кун пахта териб, бир халта уннинг пулини ишлаган. Уч кун, тўрт кун пахта териб, бир халта ун [олишган]. Қаранг, ҳозирги замонни, бугун 100 кило пахта терса, унинг пули 100 минг, 200 минг сўм бўлади. Бир кунда бир халта ун. Бир киши ўн кун терса, агар оиласи билан терса, бир кунда беш-олти халта унни ишлайди», — дея одамларни пахта теришга ундади Қумқўрғон ҳокими.

Нормаматов ўзининг «совхоз»да ишлаган йилларини эслади.

«Момолар невараларига қараса, тўғрими? Келинлар чиқса белни боғлаб, ўн кун, 15 кун, 20 кун пахта терса, кийимини олади, унини олади, мойини олади, ўзига тўйга кийишга кийим олади, қишга тайёргарлик кўради. Тўғрими? 10 халта буғдой олади, молларига ем олади, 20 литр мой (ёғ) олади. Мана бизнинг собиқ хўжаликларимизда кўп йиллар ишлаганмиз. Ўзимизда ҳам мана «совхоз»да, ана шу тепаликда теришарди. Пастга тушмасди, қишга тайёргарлигини кўради-да», — деди ҳоким.

Маълумот учун, мустақиллик эълон қилинган 1991 йилнинг августидан буён дунё XXI асрга, ахборот ва  асрига қадам қўйди, Ўзбекистон эса ўз тарихини қайтадан ёзиб чиқишга улгурди. 2008 йилга келиб, Ўзбекистонда газ ва электр тақчиллиги кучайди. Қишда қишлоқларда кўплар тезак ёқишга ўтишди.

Аммо шу йили Ўзбекистон Афғонистонга электр узатувчи сим тортди. Хитойга газ ҳайдовчи қувур қурилиши бошланди. Ўзбекистон чет элга газ ва электр сотиб, ўз халқи тезак ёқаётган мамлакатга айланди.

Ҳолбуки, 2021 йилнинг феврал ойида собиқ Энергетика вазири Алишер Султонов «Америка овози»га берган интервюсида мамлакатдаги газ захиралари учта Ўзбекистонга етишини айтган эди.

Ҳоким айтгандек, одамлар таппи қилмай қўйгани йўқ, улар ҳамон таппи қилишади, тезак қоплашади. Аммо кўмир ёқиш одат тусига кириб бораётгани учун тезак-таппи ғамлаш бироз камайган, холос.

Халқига етмаган ёқилғи нега четга сотилади? Фаоллар айни шу саволни бот-бот такрорлаб келишган.

Қумқўрғон туман ҳокими Анвар Нормаматов икки йилча аввал фермердан Chevrolet Equinox автомобилинини соқғага олиб, медиа назарига тушган эди.