Ўзбекистон Президенти 2025 йил 15 октябр куни «Электротехника саноатида хомашёни чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш, соҳанинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–304-сон қарорни имзолади.
Ҳужжатга кўра, электротехника саноатидаги ишлаб чиқариш занжирини чуқурлаштириш, янги қўшилган қиймат яратиш ва экспорт ҳажмини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланади. 2026 йилда соҳа маҳсулотларини 80 та давлатга экспорт қилиш ҳамда экспорт ҳажмини 3 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсад қилиб қўйилган. Шунингдек, 2030 йилгача мис хомашёсини биржа савдоларига чиқариш ҳажмини 225 минг тоннага етказиш режалаштирилган.
Энг муҳим янгиликлардан бири — 2026–2027 йилларда электротехника саноати корхоналари айланма маблағларни тўлдириш, жумладан мис хомашёсини харид қилиш учун олинадиган кредитлар бўйича давлат ёрдамини олади. «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» орқали тижорат банклари кредитлари учун фоиз компенсациялари ва кафилликлар тақдим этилади.
Миллий валютадаги кредитлар бўйича фоизнинг асосий ставкадан 4 фоиз пункт юқори қисми (бироқ 10 фоиздан ошмаган) қопланади. Хорижий валютадаги кредитлар учун эса фоизнинг 6 фоиздан юқори қисми, 5 фоиз пунктгача бўлган миқдори давлат ҳисобидан компенсация қилинади. Шунингдек, 10 миллиард сўмгача бўлган кредитнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган қисмига кафиллик берилади.
Қарор билан электротехника соҳасидаги корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш, ички бозорда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт географиясини кенгайтириш орқали мамлакатнинг саноат салоҳиятини ошириш кўзда тутилган.