Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирлиги «Ҳаж – 2026» мавсуми учун янги тартибни жорий этди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Ҳаж ва Умра маркази хабар берди.
Унга кўра, 2026-йилги Ҳаж сафарига борувчи ҳар бир зиёратчига «Нусук» платформаси орқали олинган тиббий соғломлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилган тақдирда ҳаж визаси расмийлаштирилади. Мазкур тартиб ҳаж зиёратчиларининг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлашга қаратилган.
Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли идораларга зиёратчиларни синчковлик билан тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда ҳаж сафарига боришга жисмоний имконияти чекланган шахсларни аниқлаш мажбуриятини юклади.
Ҳаж – 2026 мавсумида қуйидаги касалликларга чалинган зиёратчиларга ҳаж сафарини амалга оширишга рухсат берилмайди:
— Диализ талаб қиладиган буйрак етишмовчилиги;
— Минимал жисмоний юкламада ҳам намоён бўлувчи юрак етишмовчилиги;
— Даврий ёки доимий равишда кислороддан фойдаланишни талаб қилувчи ўпканинг сурункали касалликлари;
— Жигар етишмовчилиги белгилари билан кечувчи жигар циррозининг оғир босқичи;
— Оғир руҳий ва неврологик бузилишлар;
— Қарилик деменцияси касалликлари;
— Ҳомиладорликнинг охирги уч ойи, шунингдек, юқори хавфга эга бўлган ҳар қандай ҳомиладорлик;
— Фаол юқумли касалликлар (шу жумладан, силнинг очиқ шакли, геморрагик иситмалар ва ҳоказо);
— Кимётерапия ёки бошқа иммунитетни сусайтирувчи муолажалардан ўтаётган фаол онкологик касалликлар;
Шунингдек, Ҳаж вазирлиги томонидан тиббий кўрикдан ўтмасдан ёки сохта маълумот тақдим этган ҳолатлар аниқланса, белгиланган тартибда чоралар кўрилиши маълум қилинган.