Vaqt.uz YouTube каналида 13 октябр куни эълон қилинган «Fikr vaqti» дастурининг «Мубашшир Аҳмаднинг келтирилиши Туркия ташаббуси» номли парчасида бир-бирини қўллаб қувватловчи, баъзида инкор этувчи изоҳлар қолдирилган.
@khurshidakhalikova3613 — Савол: Агар Туркиянинг иши бўлса, бизникилар нега қамади? Судни ўтказиб, «айби исботланмади», деб қўйиб юборса, қайтага обрўйи ошарди, халқ ишончига кирарди… Айби йўқлигини кўр ҳам кўриб турибди-ку, қўйилган моддалар тўғри келмаяпти-ку?!
@solazak6219 — Менинг тушунишим бўйича Мубашшир Аҳмаднинг битта айби бор — қўлида ўзбек паспорти бўлгани. Чунки дунёнинг барча жойларида бир қанча ўзбеклар диний қўмитанинг экспертизасисиз диний материал тарқатиб ўтиришибди, лекин улар ўша давлатда қамалмаяпти. Агар ўшаларнинг қўлида ўзбек паспорти бўлганида улар ҳам тутиб келиниб, улар ҳам Ўзбекистонда қамаб юборилар эди.
@maxbubaxondadajonova1212 — Давлатимиз ўз олим ва уламоларини ҳимоя қила олмаса, юртни бошқарувчиларнинг ташқи давлатлар учун ўрни, қиммати йўқ экан-да. Ташқи кучларга йўл қўйиб берилса, охири нима бўлишини ўйлаб кўрармикан Сенат? Нима қилиб ўтирибсизлар?!
@bekzodmakhamatjonov6691 — Бу шундай бўлиши олдиндан аниқ эди, ҳамма нарса ёзилган, қалам кўтарилган. Домланинг биздан кучли, биздан яқин ишонгани бор, у ўлмайди, қудрат уники. Манимча, дуо қилиб тинч қўйиш керак, шунда домла ҳам ютади, биз ҳам ютамиз, давлат ҳам ютади.
Давлатни, ички ишлар тизимини ковлаш эмас, уларга кўмаклашиш керак. милиция ёки битта амалдор ИИВ тизими ёки давлатнинг юзини ифодаламайди. Шу тизим бор экан, калтак еганлар, зулм кўрганлар, бемор бўлганлар 102 ёки 103 га боғланиб ёрдам сўрай оляпти. Шунинг учун қўйинглар, керакмас, бу вазиятда ким кўпроқ жар солса, ўша домланинг биринчи душмани.
«Ўзбекистонда 1 октябрдан нималар ўзгаради?» номли видеода эса қуйидагича изоҳларни учратиш мумкин.
@Sherzodbeksaminov-k4v — Халқ хурсанд бўладиган қарорлар ҳам чиқармикан?! Давлатга тушумдан бошқа қарор топилармикан?! Соққани қилинглар тезроқ, вақт кам қолди.
@JamshidXushqobov — Бу юқоридагиларнинг бошқа иши қолмабди, амал уларнинг қўлида, хоҳлаган қарорни чиқараверади, булар камбағалликка қарши курашмаяпти, аксинча кўпайтириш билан шуғулланяпти. Офарин шунчаки қойил… Cиёсат билан иши йўқ халқни халқ билан иши йўқ сиёсатчилар бошқаряпти, минг афсус, минг афсус.
@MurodjonDilmurodov-v9v — Халқни қийнамайдиган қонунлар жорий этилмаяпти, ҳамма қонунда халқ қийналяпти. Скутерга ҳам «права» кулгили бўлаяпти, паспорти борларга ҳайдашга рухсат берилсин. Яна «А» тоифага ўқитадиган мактаблар йўқ-ку бизнинг туманда. «А» тоифага ўқитмайди, сўраб чиқдим, лицензиямиз йўқ дейди. Бошқа туманга 2 ой қатнаб ўқиш машинанинг пули бўлади-ку, амалдорлар халққа қараб «ур анавиларни», дейиши қолди.
@IslomxonIsaxonov-g6i — Яхши бўлди, йўлларда йўл қоидасини билмайдиган ёш болалар скутерни ҳайдаяпти, улар ҳайдовчиларга катта муаммолар туғдиряпти.
«Тошкентда пуллик парковкалар: транспортга тартибми ёки янги тўлов тизимими?» бошлавҳаси билан тайёрланган репортажда эса кўпчилик янги тизимнинг манфаатсиз эканлигини айтиб, аччиқ ва кинояли изоҳлар қолдирган.
@JohnLanger-w1r — Қандай ачинарли. Шунчалар бизнес қилмоқчи бўлса, олти қават ер ости, ўн қават ер усти парковка қур. Шунда пуллик қилсин, йўл четини парковка деб пул ундириш қайси мантиққа тўғри келади, аҳоли йўл ҳаққини шундай ҳам тўлаб келаётган бўлса.
@giturebedddd — Йўлларга қараб бўлмайди. Чуқурликларнинг саноғи йўқ. Бозорларнинг олдига тўхташ мумкинмас, деб пулини шилишади. Биз тўлаётган бензинга ва газга тикилган йўл солиғи қаерга кетяпти. Ҳар бир бозор, ташкилотларнинг остида текин парковкалар қилиш керак.
@rashidjonrasulov1175 — Шунчаки чизиб қўйиб унга пул олиш, бу билмадим нима? Шунчаки аҳолини пулини олишга ўхшатяпман. Агар тадбиркор бир неча қаватли машиналар учун тўхташ жойи қурганда бозорларникига ўхшаш бу бошқа гап эди.
@ShavkatIsmailov-g6n — Пул келтирадиган иш бўлса, халққа ҳам, қонунга ҳам тупуриб қўйишади. Парковкалар қилишда ғолиб бўлган фирмани текшириб кўрилса, аниқ раҳбарлардан бирининг кимидир бўлиб чиқади. Бу Ўзбекистондаги оддий ҳақиқат, буни ҳамма билади. Шундай экан, одамлар норози бўладими, эътироз билдирадими, ҳаммаси бир пул.
@UmedjonObodov — Йўл солиғи тўлаётган халқ яна шу йўлга парковкага тўлаш шарт бўляпти. Бу қароқчилик ва рекет эмасми? Пуллик парковка учун йўлнинг биринчи чизиғини банд қилиш, нотўғри, парковка учун алоҳида бўш жой белгилаш керак эди, нимага депутатлар оғзига сув олгандек жим?
Изоҳ қолдирган томошабинлар орасида бу тартибдаги пуллик парковканинг аҳолига қай даражада зарар келтиришини аниқ ҳисоб-китоблар билан ўлчаганлари ҳам бор.
@JamshidAbdusamadov-3r — Айбимиз машина ҳайдаганимиз! 1000 сўм турадиган газни 5200 га оламиз. Америкадаги бренд бензин нархида ўзимизда 9100 га оламиз. Кўча тўла камера. Лекин маҳаллаларда одамларнинг хавфсизлиги учун камера йўқ. Ўша машинадан ҳам одамларнинг ҳурмати бир тийин. Одамларни йўллардаги хавфсизлиги учун камера кўпайтирамиз, дейишади. Маҳаллаларда одамлар хавфсизми?..
@IslomMuxammadov — Соатига 12 000 сўм, 10 соатда 120 минг сўм! Ўзбекистондаги ўртача ойлик 4 млн бўлса, 1 ойлик парковка нархи ҳам қарийб ўртача ойликка яқинлашиб, 3 млн 600 минг сўм бўларкан. Яшанглар, офарин! Россияда бепул парковкалар шунчалик кўп, пулликка эҳтиёж йўқ, лекин пуллик билан текин парковкалар шароитлари бир хил. Ўзимизда қачон шундай бўлади? Соати ҳам 12 000 минг бўладими?! Аллоҳдан қўрқинглар.
@TheLIBERTYHOUSE — Бу фирибгарлик жуда пухта ўйланган. Ҳуқуқшунос Отабек Бакиров ва Толиб Раҳматов суриштириш ишларини давом этиши керак. Керак бўлса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ДХХ, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат қилиб, у аукцион жараёнини кенг жамоатчилик иштирокида ўрганиб чиқишга ундаш керак.
Янги Ўзбекистонда бу битта муаммо эмас. Отабек Бакировнинг Тelegram-каналида давлат активларини хусусийлаштириш, коррупция билан боғлиқ юзлаб кейслар ёритилган. Европа давлатларида бундай ҳолатда ҳукумат аллақачон истеъфога чиқиб кетган бўларди.
«Болаларимиз энг кўп азият чекмоқда» — аҳолининг чангли ҳаво ҳақидаги фикрлари эса қуйидагича:
@KurolNorimatov — Мен ҳозир чанг-тўзон бўйича кўп комментарийларни ўқидим ва Учтепа об-ҳаво маълумотини берган мутахассиснинг маълумотини эшитдим, лекин чанг қаердан келаётгани ҳақида бирор бир гапни кўрмадим. Неча йилдан буён чанг-тўзон бўлиб келяпти, «вой дод, чанг-тўзон!» дейишдан нарига ўтолмаяпмиз…
@diloromraximova2870 — Шу масалага масъул бўлганларга бу ҳолатнинг бир чақалик аҳамияти йўқ. Агар аҳамияти бўлганида эди, аллақачон бирор чора-тадбир кўришар эди. Ё улар бошқа ҳаводан нафас олишади ёки улар тез орада оилавий бўлиб Тошкентдан суришни режалаштиришмоқда.
@Odil-l8j — Тошкентда кўп қаватли уй-жойларни қуришни тўхтатиш зарурлиги ҳақида ўйлаб кўриш зарур, зеро ҳаво ҳамма учун зарур.
@smartgentlemannn8563 — Ўтган йил қишда Ўзбекистонга борганимда чангни ўз томоғим билан ҳис қилдим.. Аэропортдан уйгача 2 соат, шу 2 соатда томоғимдан чангли балғам чиққанида ҳайрон қолгандим. 4 йил бўлибди кетганимга соғинаман, лекин шунақа чангли хабарлар одамни хафа қилади. Дарахтларни кесманглар, илтимос, ундан кўра экиш керак. Минглаб кўчатларни экиб, сунъий ўрмонлар, кўллар ташкил қилиш керак, шунчаки табиат учун, фарзандларимиз учун.
«Ўзбекистон аҳолиси асосан нималарга харажат қиляпти?» сарлавҳаси билан тайёрланган сўровномада кўпчилик ойлик маош билан пул йиғиш тугул, уни ойликдан-ойликкача етказиш жуда қийин эканлиги таъкидланган.
@KamolaMalikova-p5i — Кредит тўлаймиз… Озиқ-овқатни ҳам қарзга оламиз, дўконлардан, қарзни икки-уч ойда аранг тўлаймиз.
@UmidAbdullayev-ly9ce — Бошқаларни билмадим-у, менинг топганим коммунал тўловларга кетяпти, Энг алам қиладигани ичимлик сувига ойига беш юз минг тулаяпман тўрт киши учун. Бир тийинга қиммат ўлчагичларни сотиб олиб чарчадим, бу қандай тубанлик ва қанча давом этади?..
@Dilshod-i4v — Амалдор бўлса йиғади-да. Қорнини зўрға тўйдираётган одам қаёқдан йиғади?!
@Galina-u6i3v — Иш ўринларининг сонига эмас, нархига ҳам эътибор бериш керак. Истеъмол саватчаси жуда кулгили қилиб белгиланган. Медиадаги маълумотларга ишониш анча қийин.
Юқорида танишиб чиққанингиздек, ҳар бир изоҳ бу халқнинг юракдан чиқаётган сўз, ҳақиқатни ўз тили билан ифодалашга уринишдир. Vaqt.uz саҳифалари остида қолдирилган ҳар бир фикр аслида мамлакат ҳаётининг кўзгуси, унда дард ҳам, танқид ҳам, меҳр ҳам, ишонч ҳам бор.
Таҳририят учун бу изоҳлар ҳақиқий жамият кайфияти, ўзгаришлар барометри бўлиб, фикр билдираётган ўқувчи фақат томошабин эмас, у журналистик жараённинг тўлақонли иштирокчиси ҳам.
Шундай экан, фикрингизни очиқ баён қилишдан чарчаманг. Сизнинг мулоҳазаларингиз биз учун муҳим!
Нурмуҳаммад Файзуллоев