“Bloomberg”да Ўзбекистондаги инвестицион муҳит ҳақида мақола чоп этилди. Унда ўзбекистонлик тадбиркор Зафар Ҳошимов интервью бериб, 2016 йилгача бўлган иқтисодий шароит ва ундан кейинги муҳит ҳақида сўзлаб берди.
Мақолада келтирилишича, Совет Иттифоқи парчаланганидан кўп ўтмай, Зафар Ҳошимов Тошкентдан Англияга университетда таҳсил олиш учун йўл олади. У ерда яшаган вақтларида у тез-тез Sainsbury’s супермаркетига бориб турарди. Ҳошимов Лондондан янги ғоя билан қайтиб келди.
Мустақилликнинг дастлабки йиллари – Ўтиш даврида кўплаб тадбиркорлар сингари Ҳошимов ҳам аввалига компьютер йиғиш ва кейинчалик уларни тарқатиш билан шуғулланган, халқаро ҳамкорларни топиб, ўз тармоғини йўлга қўйган. Бироқ 1996 йилда Ислом Каримов халқаро савдога чекловлар жорий этганида, Ҳошимовнинг иши оғир зарба олди. Шундан сўнг у чакана савдо соҳасига ўтди ва “Korzinka” супермаркетлар тармоғига асос солди.
1996 йилдан 2016 йилгача у бошқа кичик бизнесларини ҳам юритар экан, атиги 18 та супермаркет очишга муваффақ бўлди, холос.
“Бизнес юритишнинг ўзи хавф эди. Биз ҳаддан ташқари ўсишдан, жуда кўзга ташланиб қолишдан қўрқардик,” дейди Зафар Ҳошимов “Bloomberg” га берган интервьюсида.
Мамлакат раҳбарияти алмашиб, иқтисодий изоляция тугаганига тўққиз йил бўлди — шундан бери унинг компанияси Korzinka дўконлар сонини 18 тадан деярли 200 тагача оширди. Яқинда эса хорижий инвесторлар томонидан жалб қилинган 100 млн долларлик сармоя ҳисобига минтақадаги энг катта озиқ-овқат тақсимлаш марказини ишга туширди.
“Ўзбекистон энди бахтли жойга айланди. Дунёда бу даражада катта имкониятлар тақдим эта оладиган жойлар кўп эмас. Ўзбекистондаги хатарларни бошқариш мумкин, мамлакатда содир бўлган ўзгаришларни эса энди ортга қайтариб бўлмайдиган кўринади,” деган Зафар Ҳошимов.