Мирзиёев Шота Руставели кўчасидаги янги BRT йўналиши бўйлаб автобусда сафар қилди

08:19 | 4 дақиқада ўқилади.

Президент пойтахтдаги Шота Руставели кўчасида жорий этилган илк BRT тизими бўйлаб электробусда сафар қилди. 19,2 млн долларлик лойиҳа йўловчи оқимини икки баравар оширди.

Photo 2025 10 16 08.02.11

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Шота Руставели кўчасида амалга оширилган йирик транспорт лойиҳаси билан танишди ва электробусда синов сафарини амалга оширди. Бу — пойтахтда биринчи марта жорий этилган жамоат транспорти учун алоҳида ҳаракат чизиғи (Bus Rapid Transit — BRT) тизими бўлди.

Лойиҳа доирасида узунлиги 7 километр бўлган йўл участкасини қайта қуриш ишлари якунланди. Ҳаракат 10 полоса бўйлаб ташкил этилди: уларнинг олтитаси автомобиллар, иккитаси тўхташ жойлари ва яна иккитаси автобуслар учун мўлжалланган. Лойиҳа қиймати 19,2 млн доллар бўлиб, у Тошкент шаҳар транспорт тизимини модернизация қилиш дастурининг биринчи босқичини ташкил этади.

Мазкур тизим жамоат транспорти самарадорлигини сезиларли оширди. Йўловчи оқими 2,5 минг нафардан 6 минг нафаргача кўпайди, ҳаракат тезлиги соатига 23 кмдан 30 кмгача ўсди. Йўлнинг ўтказувчанлик қуввати эса 40 минг автомобилга етди. Шота Руставели кўчаси бўйлаб 463 та «ақлли» светофор, 21 та замонавий тўхташ бекати, велосипед йўлаклари ва яшил ҳудудлар барпо этилди.

Шавкат Мирзиёев БРТ тармоғини кенгайтириш лойиҳалари билан ҳам танишди. Унинг сўзларига кўра, Тошкентдаги ҳаракат зичлигини камайтириш ва аҳоли учун қулай жамоат транспорти тизимини яратиш муҳим вазифадир.

«Агар метро ва замонавий автобуслар қурилмаганида, пойтахтда ҳаракат бутунлай мураккаблашган бўларди. Биз одамлар қулайлиги учун транспорт тизимини янгилаяпмиз. Бундай ишларни барча шаҳарларда давом эттирамиз», — деди Президент.

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, охирги икки йилда 142 минг нафар ташкентлик шахсий автомобил ёки таксидан воз кечиб, жамоат транспортига ўтган. Янги автобуслар сотиб олиниши ва йўналишлар реорганизацияси натижасида сафарлар оралиғи икки баробар қисқарди, йўловчи оқими эса кунига 1,4 млн нафарга етди.

2023–2030 йилларда пойтахтда яна 10 та BRT йўналиши ташкил этилиши режалаштирилган. Улар Шаҳрисабз, Махтумқули, Амир Темур, Нурафшон, Қоратош ва Паркент йўналишларини қамраб олади. Умумий қиймати 110 млн доллар бўлган бу дастур орқали жамоат транспортида шаҳар марказига етиш вақти 45 дақиқадан 25 дақиқагача қисқариши кутилмоқда.